Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Шу кунларда Тошкент вилояти бўйлаб гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўринишига қарши кенг кўламли назорат-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда. Хусусан, Бўстонлиқ туманида ҳам ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлими тезкор ходимлари томонидан навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.

Хусусан, “Хондайлик” МФЙ ҳудудида жойлашган, хусусий фермер хўжалигига тегишли ер майдонида шох-шаббалар орасида ҳамда парранда боқиш учун қурилган бинонинг том қисмида, жами 7 та шиша идиш ва 2 дона 10 литр ҳажмдаги челакларга қуритилган, майдаланган ҳолдаги гиёҳвандлик воситалари яшириб сақланаётгани фош этилди.
Ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатларига киришилган. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
***
“Чирчиқ” дала ўқув майдонида “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ҳамда “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг республика босқичида иштирок этаётган 14 та ҳудуддан келган ёшлар ўртасида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда ёшлар ташкилот фаолияти, ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини янада кучайтириш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш, меҳнат бозорида юқори талабга эга бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.Самимий мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди, турли ташаббус ва таклифларини билдирди.
***
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан келиб тушаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур ташкилот ва унинг ҳудудий бўлимларига жами 10 минг 117 та мурожаат келиб тушиб, шундан 9 минг 83 таси ҳал қилинган.

Мурожаатлар кўпроқ алимент, қарз ва зарар ундириш каби йўналишларга доир бўлган. Шунингдек, бошқарма бошлиғи ва ўринбосари томонидан олис ҳудудларда жами 10 та сайёр қабул ўтказилиб, уларда жами 563 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланган. Барча ўрганилган муаммолар алоҳида назоратга олинган.
А.Мусаев, ЎзА