Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида йирик миқдордаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний равишда олиб ўтилмоқчи бўлгани аниқланди.
Хусусан, “Навоий” чегара божхона пости орқали пиёда тарзда қўшни давлатга чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, 23 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюта фуқаронинг сумкаси ичидан аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Армрестлинг спорт тури бўйича кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар ҳамда катталар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақада барча туман-шаҳарлардан келган спортчилар иштирок этиб, ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кескин ва муросасиз куч синашди. Беллашувлар давомида спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, техник маҳорати ҳамда ирода кучи яққол намоён бўлди. Якунда энг кучли спортчилар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур чемпионат ҳудудда армрестлинг спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни кейинги босқич мусобақаларига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

***
Зангиота туманида газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, маҳаллаларга бириктирилди.
Мазкур ишчи гуруҳлар томонидан жойлардаги газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларини техник тартибга келтириш, таъминот барқарорлигини ошириш мақсадида икки босқичли тизимга босқичма-босқич ўтиш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, электрон газ ҳисоблаш ускуналарининг узлуксиз ишлаши назоратга олиниб, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, маҳаллалар кесимида газ истеъмоли балансини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби чоралар таъминот сифатини яхшилаш, йўқотишларни камайтириш ҳамда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга имкон беради.
А.Мусаев, ЎзА