Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 апрель куни Тошкент вилоятида ислоҳотлар самарадорлиги ва истиқболли лойиҳалар тақдимотига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Нурафшон шаҳрида мулоқот ташкил этилди.
Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан “Маънавият тарғиботчилари” иштирок этиб, уларга 2025 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, шунингдек, келгусидаги устувор вазифалар юзасидан атрофлича йўналиш ва тушунчалар берилди. Мулоқотдан сўнг турли соҳа вакилларидан, хусусан, илм-фан, таълим, адабиёт, маданият намояндалари, шунингдек, депутатлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, кайвонилар, шижоатли ёшлардан иборат тарғиботчилар “карвон”и ҳудудларга йўл олди.


Энди улар жойларда – маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар, истиқболли лойиҳаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказади.
***
“Ҳамшира – 2026” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими”, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимидаги “Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи” ҳамда “Менинг онам – ҳамшира” расмлар кўрик-танлови ғолиблари муносиб эътироф этилди. Уларга фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, “Ҳамшира – 2026” кўрик-танловида иштирокчилар ўзаро 4 та шарт бўйича беллашди. Натижаларга кўра, биринчи ўринни – Бўка туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими интенсив пост ҳамшираси Дилноза Деҳқонбоева қўлга киритди ва республика босқичига йўлланма олди.
***
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудларда назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

Навбатдаги назорат тадбирлари давомида Қибрай туманининг Файзобод маҳалласи, “Зиёкорлар-3” кўчасида жойлашган кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қўшимча қурилмалар барпо этилгани, шахсий ҳудуд сифатида эгаллаб олингани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан айрим мулкдорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, қонун талабларига зид равишда қурилган иншоотларни ўз ихтиёри билан бартараф этиш учун 15 кунлик муддат белгиланди ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган расмий кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев,ЎзА.