Тошкент учинчи бор жаҳон кубогига мезбонлик қилмоқда
Пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси (WAKO) шафелигида ҳамда Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси ташкилотчилигида «Uzbekistan Kickboxing World Cup – 2026 » халқаро турнири бўлиб ўтмоқда.
Кеча мусобақанинг очилиш маросими ўтказилди. Унда Спорт вазирлиги, Бутунжаҳон кикбоксинг ташкилотлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси вакиллари иштирок этди.
Мазкур нуфузли мусобақа Марказий Осиё минтақасида кикбоксинг бўйича ўтказилаётган йирик халқаро спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Унда дунёнинг 48 дан ортиқ мамлакатидан 2 минг 530 нафардан зиёд спортчи ва расмий делегациялар қатнашмоқда.
Жаҳон кубоги доирасида WAKO расмий қоидалари асосида кикбоксингнинг татами ва рингдаги барча асосий йўналишлари бўйича беллашувлар ташкил этилган.
[gallery-31966]
Айни пайтда мусобақанинг турли йўналишларида саралаш ва ярим финал жанглари қизғин давом этмоқда. 18 октябрь куни ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА