Тошкент тобора яшил ҳудудга айланиб бормоқда
Тошкент каналлари бўйлаб кенг кўламли лойиҳа шаҳар қиёфасини ўзгартирмоқда. Бу ташаббус пойтахт аҳолиси учун замонавий, қулай ва кўркам дам олиш масканларини яратиб, шаҳар ҳаётига янгича руҳ бағишлашга қаратилган.
Тошкентда сўнгги йилларда шаҳарнинг урбанистик қиёфасини яхшилаш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш мақсадида сайилгоҳлар, яшил ҳудудлар ва дам олиш масканлари тизимли равишда кенгайтирилмоқда. Айни пайтда бу борада бир қатор йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти. Хусусан, шаҳар маъмуриятининг режаларига кўра, пойтахтдаги каналлар бўйида умумий узунлиги 150 километрга тенг бўлган сайилгоҳлар барпо этилади. Бу ҳудудларда пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида йўлаклар, замонавий ёритиш тизимлари ва қулай дам олиш ўриндиқлари яратилади.

Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзакалон Исмоилий ва Асака маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Салар канали бўйида замонавий дам олиш маскани барпо этилмоқда. Қарийб 1,5 километр узунликдаги бу ҳудуд туман ҳокимлиги биноси олдидан бошланиб, Марказий истироҳат боғигача давом этади. Лойиҳа доирасида мавжуд дарахтлар ва яшил ҳудудлар сақланиб, тартибга келтирилади. Канал бўйидаги бинолар хатловдан ўтказилиб, ноқонуний эгалланган ҳудудлар тартибга солинади.

Шу билан бирга, пиёдалар ва велойўлаклар, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар, қулай ўриндиқлар, айвончалар, болалар майдончалари ҳамда “workout” зоналари ташкил этилади. Бундан ташқари, Мирзакалон Исмоилий маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларидан самарали фойдаланилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилади ва янги иш ўринлари яратилади.

Умуман олганда, бундай сайилгоҳлар аҳолининг кундалик ҳаёти учун қулай, хавфсиз ва кўркам муҳит яратишга хизмат қилади. Улар асосан автомобиллар қатнови тиғиз бўлган йўллардан йироқда жойлашган бўлиб, пиёдалар учун эркин сайр қилиш имкониятини тақдим этади.
Маълумот учун, Салар канали Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи йирик каналлардан бири бўлиб, унинг шаҳар ҳудудидаги қисми 23,3 километрни ташкил этади. Каналнинг эни 10,5 метргача етади ва унинг сув бўйлаб 10 метрлик қирғоғи муҳофаза қилиш майдони этиб белгиланган. Айни пайтда каналнинг айрим қисмларида ободонлаштириш ишлари якунланган бўлиб, жами 9,9 километр ҳудуд тартибга келтирилган. Қолган 2,7 километр масофада эса ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Санжар Тошпўлатов,
ЎзА