Тошкент шаҳрида хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилади
Жорий йилнинг 24 апрель куни Миллий матбуот марказида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда агентлик томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнларини ташкил этиш масалалари юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2026/2027 ўқув йилида қатор янги таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, Қашқадарё, Наманган ва Навоий вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб филиаллари ташкил этилиб, уларга 5–10-синфларга ўқувчилар қабул қилинади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу таълим муассасасига мактабгача тайёрлов гуруҳи ҳамда 1–7-синфларга ўқувчилар қабул қилинади. Бундан ташқари, ҳудудларда босқичма-босқич муҳандислик мактаблари ташкил этилиб, уларга 7–10-синфларга қабул амалга оширилади.

Мирзачўл, Ромитан, Тойлоқ, Ховос, Сўх ҳамда Тошкент туманларида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, аниқ фанлар йўналишига 5–10-синфлар, табиий фанлар йўналишига эса 7–10-синфларга қабул қилинади.
“Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастур доирасида республика бўйлаб 9-синф битирувчилари орасидан 1500 нафар ўқувчи саралаб олинади.
Маълум қилинишича, 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги 214-сон қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида ташкил этилади. Ҳужжатларни қабул қилиш жорий йилнинг май–июнь ойларида, кириш имтиҳонлари эса июнь–июль ойларида ўтказилади. Жорий йилда қабул жараёнлари аввалги йилларга нисбатан эрта муддатларда ташкил этилади.

Имтиҳонлар республика бўйлаб 94 та павильонда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бу уларни икки сменада ташкил этиш имконини беради.
Шу билан бирга, таълим муассасалари сонининг ортиши ўқувчилар қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳужжатлар тўлиқ онлайн шаклда my.gov.uz ҳамда ariza.piima.uz платформалари орқали қабул қилинади. Ариза топшириш жараёни максимал даражада соддалаштирилиб, уч босқич орқали амалга оширилади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида барча ҳудудларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ариза топшириш жараёнига кўмаклашувчи штаблар ташкил этилади.
Оферта шартларида қабул жараёнига оид барча зарур маълумотлар акс этган. Шу боис, мутасаддилар ҳужжат топшириш жараёнида мазкур шартлар билан тўлиқ танишиб чиқишни тавсия этмоқда.
Марҳабо Ҳожиакбарова, ЎзА