Тошкент Осиё элит ҳакамлари марказига айланди
Ўзбекистон халқаро майдонда яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилмоқда. Бугун Миллий футбол марказида Осиё футбол конфедерациясининг (OFK) Элит ҳакамлар семинари ўз ишини бошлади. Эътиборлиси, қитъа ҳакамлиги тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур анжуман илк бор мамлакатимизда ўтказилмоқда.
Семинарда Осиёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 92 нафар элит тоифадаги ҳакам, 6 нафар OFK вакили ҳамда 6 нафар OFK инструктори иштирок этмоқда.
7 августга қадар давом этадиган ўқув дастури ҳакамларнинг назарий билимлари, амалий кўникмалари ва жисмоний тайёргарлигини янада такомиллаштиришга қаратилган. Машғулотлар FIFA ва OFKнинг замонавий талаблари, футбол қоидаларига киритилган сўнгги ўзгаришлар, ўйин вазиятларини таҳлил қилиш ҳамда ҳакамлик қарорларини баҳолаш масалаларини қамраб олган.

Шунингдек, иштирокчилар майдондаги амалий машғулотлар орқали ўйинни бошқариш, тўғри позиция танлаш ва тезкор ҳамда аниқ қарор қабул қилиш бўйича маҳоратини оширмоқда.
Мазкур семинарнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг Осиё футболидаги нуфузи ортиб бораётгани, мамлакатимиз халқаро даражадаги футбол тадбирларини юқори савияда қабул қилишга тайёр эканининг яна бир амалий тасдиғи сифатида баҳоланмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА