Тошкент метроси: миллионлаб йўловчи ва янги давр талаблари
Тошкент метрополитени бугун оддий жамоат транспорти воситасидан пойтахт ҳаётининг муҳим артериясига айланди. Бир вақтлар атиги 29 та бекат ва 38 километрлик йўналишдан иборат бўлган метро ҳозирда 50 та бекатни бирлаштириб, 71 километрдан ортиқ масофани қамраб олмоқда. Қарийб 40 йил давомида шаклланган инфратузилма сўнгги етти йилда мисли кўрилмаган суръатда кенгайди.
Бироқ, метро тараққиётини фақат янги бекатлар, замонавий поездлар ва узайган йўналишлар билан баҳолаш тўғрими? Бугун унинг энг катта синови — миллионлаб йўловчига бирдек тез, қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатишдан иборат.
Пойтахтимизда “Тошкент метрополитени” АЖ масъуллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида соҳадаги ислоҳотлар ва режалар хусусида маълумотлар берилди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2021 йилда метро бир кунда ўртача 280–300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 1,2 миллион нафардан ошди. Демак, бир неча йил аввалги йўловчи оқими билан бугунгисини таққослаб бўлмайди. Энди метро нафақат кўпроқ ҳудудни қамраб олиши, балки ҳар куни миллионлаб одамнинг вақт, хавфсизлик ва қулайлик билан боғлиқ эҳтиёжларини қондириши керак.

Йўловчилар оқимининг ортиши ҳаракат таркибларини янгилаш ва кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда сўнгги йилларда метро паркига замонавий поездлар олиб келинди. 2021 йилга қадар метрополитенда 40 та ҳаракат таркиби хизмат кўрсатган бўлса, 2026 йилдаги маълумотларга кўра, кейинги даврда яна 55 та замонавий ҳаракат таркиби харид қилинган. Шунингдек, 2027 йилда 14 та замонавий, беш вагонли поезд сотиб олиш режалаштирилган. Бу эса ҳаракат таркибини янада янгилаш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири эса поездлар оралиғидаги вақтнинг қисқарганидир. Масалан, 2021 йилда Чилонзор йўналишида тирбанд вақтларда поездлар беш дақиқада бир келган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1,5–2 дақиқани ташкил этмоқда. Ўзбекистон йўналишида интервал олти дақиқадан уч дақиқага, Юнусобод йўналишида 11 дақиқадан тўрт дақиқага қисқарди. Ер усти ҳалқа йўлида эса 12 дақиқалик оралиқ саккиз дақиқага туширилди. Мақсад йўловчиларнинг кутиш вақтини камайтириш.

Соҳада эскалаторларни янгилаш, бекатларда қўшимча ижтимоий инфратузилма яратиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, “Халқлар дўстлиги”, “Новза”, “Мустақиллик майдони”, “Пахтакор” ва “Ҳамид Олимжон” бекатларида эски эскалаторлар замонавий, энергия тежамкор қурилмаларга алмаштирилди. Бундан ташқари, “Чилонзор”, “Пахтакор”, “Буюк ипак йўли”, “Амир Темур хиёбони”, “Беруний”, “Дўстлик”, “Чорсу”, “Мустақиллик майдони”, “Олмазор”, “Бодомзор” ва “Чинор” бекатларида она ва бола хоналари ҳамда жамоат ҳожатхоналари ташкил этилди.
“Чинор” бекатида амалга оширилган реконструкция ишлари ҳам эътиборга молик. Бу ерда кириш қисми кенгайтирилиб, турникетлар сони олтитадан 13 тага етказилди. Натижада бекатнинг ўтказувчанлик имконияти кунига 15–20 минг нафардан 35–40 минг нафар йўловчигача оширилди. Бундан ташқари, бекатда тўртта юқори сиғимли лифт ўрнатилди. Улар бир вақтнинг ўзида 50–60 нафаргача йўловчини ташиш имкониятига эга. Бу, айниқса, йўловчилар оқими юқори бўлган вақтларда ҳаракатни самарали ташкил этишда аҳамиятлидир.
Илгари йўловчилар асосан жетонлардан фойдаланган бўлса, бугун банк карталари, мобил иловалар ва ATTO транспорт карталари орқали йўл ҳақини тўлаши мумкин. Шу билан бирга, Face Pay — юзни таниш, Palm Pay — кафт орқали тўлов тизимлари ҳам барча бекатларда жорий этилган. Ер ости бекатлари ва туннелларда мобил алоқа сифатини яхшилаш, Metro Wi-Fi хизматини йўлга қўйиш ҳам йўловчилар учун муҳим қулайликлардан бирига айланди. Ҳозирда MobiUz ва Ucell операторлари туннелларда ҳам сифатли алоқа хизматларини тақдим этмоқда.
Метрополитеннинг энергия сарфини камайтириш мақсадида электродеполар ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Уларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир қисми ички эҳтиёжлар учун ишлатилса, ортиқча қисми давлат электр тармоғига сотилмоқда. Демак, метро ривожи фақат йўловчи ташиш билан чекланмай, рақамлаштириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш йўналишларини ҳам қамраб олмоқда.
Тошкент метрополитени олдидаги вазифалар янада кенг. 2026 йилда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2030 йилга қадар бекатлар сонини 79 тага, метро йўналишлари узунлигини 103 километрга етказиш, кунлик йўловчилар оқимини 1,8 миллион нафаргача ошириш ва поездлар ҳаракати оралиғини 2–3 дақиқагача қисқартириш белгиланган. Бу режалар амалга ошса, пойтахт транспорт инфратузилмасида яна бир муҳим босқич бошланади. Бироқ, янги марралар билан бирга янги масъулият ҳам пайдо бўлади. Чунки бугунги 1,2 миллион йўловчи эртага 1,8 миллионга етиши мумкин. Бундай шароитда фақат бекатлар сонини кўпайтириш ёки янги поездлар харид қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Тиғиз соатлардаги гавжумликни бошқариш, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, техник носозликларнинг олдини олиш, йўловчиларга тезкор ахборот бериш ва барча бекатларда бир хил хизмат сифатини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА