Тошкент – Масқат: икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очган тарихий ташриф
Президент ташрифидан сўнг...
Бугунги анъанавий логистика занжирлари емирилиб, янги иқтисодий мувозанатлар қарор топаётган бир даврда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва иқтисодий векторлари тубдан янгиланиб, жаҳоннинг энг фаол молиявий марказлари томон кенгаймоқда.
Жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи ва Масқат шаҳрида Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан ўтказилган олий даражадаги тарихий музокаралар ана шу кенг кўламли ва узоқни кўзловчи стратегиянинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.
Сабаби, халқаро иқтисодиёт ва минтақавий интеграция нуқтаи назаридан Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги яқинлашув бир нечта объектив омилларга асосланади. Хусусан, Ўзбекистон, очиқ денгизларга бевосита чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат. Шу боис глобал бозорларга энг мақбул ва қисқа транспорт йўлакларини яратиш мамлакатимиз тараққиётининг ҳаётий зарур шарти ҳисобланади. Ўмон Султонлиги эса Ҳинд океани, Араб денгизи ва Форс кўрфази ҳавзасида стратегик жиҳатдан қулай жойлашган бўлиб, мамлакатнинг Сўҳор, Салала ва Дуқм каби йирик портлари Марказий Осиёни жаҳон океани савдо йўллари билан боғлайдиган муқобил ва ишончли дарвозадир. “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон” транспорт йўлагини ривожлантириш юкларимизнинг жаҳон бозорларига чиқиш вақти ва харажатларини кескин қисқартиради.

Шунингдек, Ўмон Султонлиги ўзининг бой углеводород захираларидан олинган даромадларни фаол равишда диверсификация қилиб, юқори технологияли тармоқлар, “яшил” энергетика, инфратузилма ва молиявий фондларга йўналтирмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, хусусийлаштириш жараёнлари ҳамда очиқлик сиёсати эса Ўмон капитали учун улкан ва хавфсиз инвестиция майдонини тақдим этади.
Масқат шаҳридаги “Ал-Аълам” саройида бўлиб ўтган расмий кутиб олиш маросимидан сўнг бошланган олий даражадаги музокаралар амалий мазмунга бой бўлди. Ташриф доирасида Ўмоннинг етакчи компаниялари, саноат холдинглари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотлар музокараларнинг мантиқий давомига айланди. Бу учрашувлар шунчаки расмий протокол тадбирлари эмас, балки аниқ инвестициявий келишувларга эришилган самарали бизнес-платформа вазифасини ўтади.
Хусусан, ўзаро савдо ҳажми ва маҳсулот турларини кенгайтириш учун қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш, Ўмоннинг йирик жамғармалари билан биргаликда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат лойиҳаларини молиялаштириш механизми келишиб олинди. Шунингдек, савдо, саноат, логистика ва энергетика соҳаларини қамраб олган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши икки мамлакат бизнес ҳамжамиятлари учун ишончли ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлади.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон тараққиётида стратегик аҳамият касб этиб, Ўмон капитали ва тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига янги корхоналар ҳамда юқори маошли иш ўринларини яратиш имконини беради. Бундан ташқари, Форс кўрфази портлари орқали мамлакатимизнинг логистик узилишларини бартараф этган ҳолда Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка бозорларига чиқиш йўлларини кенгайтиради. Шу билан бирга, нефть–газ-кимё саноати ва рақамли иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича ўмонлик мутахассисларнинг илғор тажрибаси асосида саноат тармоқларини технологик жиҳатдан янгилашга хизмат қилади.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кўп қиррали, прагматик ва фаол хусусият касб этиб бораётганини яна бир бор исботлади. Масқат шаҳрида эришилган келишувлар ва имзоланган салмоқли ҳужжатлар тўплами нафақат икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди, балки Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий иқтисодий жараёнлардаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА