Тошкент-Душанбе: «Ақлли шаҳар» технологиялари соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Дўсмуҳамедов ҳамда Душанбе шаҳри Ижроия ҳокимият органининг “Ақлли шаҳар” бошқармаси раҳбари С.Самадзод ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки пойтахт ўртасида рақамли технологияларни жорий этиш, шаҳар бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Дўсмуҳамедов пойтахтда турли соҳаларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва эришилган натижалар юзасидан тақдимотлар ўтказди. Душанбе шаҳри вакили С.Самадзод Тошкентда рақамлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолаб, ушбу тажрибани ўрганиш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Хусусан, ҳамкорликда қурилиш ва коммунал хизматларни рақамлаштириш, бозорлар ва автотураргоҳлар фаолиятини тартибга солиш, транспорт оқимларини бошқариш, киберхавфсизликни таъминлаш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, шаҳарни кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, Тошкентнинг рақамли ривожланиш борасидаги тажрибасини бевосита ўрганиш мақсадида Душанбе шаҳрининг “Ақлли шаҳар” бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳни Тошкентга юбориш масаласи муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бошчилигидаги Рақамли ривожланиш департаменти вакилларининг Душанбега ташрифини ташкил этиш, тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш таклиф этилди.

Учрашув якунида томонлар Тошкент ва Душанбе ўртасида рақамли ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА