Тошкент автобусларида хизмат сифати қандай?
Пойтахтда жамоат транспорти тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда ташувчилар масъулиятини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада автобус йўналишларида жорий этилган брутто-шартнома тизими ўзининг ижобий самарасини бераётгани кузатилмоқда.
Ҳозирда “Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси томонидан шаҳар автобус йўналишларида брутто-шартнома талаблари ижроси юзасидан мунтазам мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилган.
Амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижаларига кўра, ташувчи корхоналар томонидан минимал талабларни бузиш билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада қисқарган. Бу эса йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифати босқичма-босқич яхшиланаётганидан далолат беради.
Хусусан, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида брутто-шартномада ҳайдовчилар ва автобусларга қўйилган талабларни бузиш ҳолатлари 50,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, ташувчи корхоналар томонидан бажарилаётган қатновларда белгиланган сифат мезонларига риоя қилиш даражаси ҳам ошди. 2026 йилда мазкур кўрсаткич 46 фоизга етгани қайд этилди.
Мутахассисларнинг фикрича, брутто-шартнома тизими ташувчиларнинг хизмат сифати учун масъулиятини ошириш, автобуслар ҳаракатини мунтазам назорат қилиш ва йўловчилар учун хавфсиз ҳамда қулай транспорт хизматини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Келгусида ҳам мониторинг ишларини изчил давом эттириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва жамоат транспорти хизматлари сифатини янада юксалтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА