Тошкент – Амман ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги туризм, савдо-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни янада фаоллаштириш мақсадида Тошкент ва Амман шаҳарлари ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилмоқда.
Шу муносабат билан Иордания пойтахти Амман шаҳрида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, зиёрат ва маданий туризм имкониятлари, шунингдек, сайёҳлик соҳасидаги янги лойиҳалар хорижлик ҳамкорлар ва туризм соҳаси вакилларига таништирилди.
Янги авиақатновларни Royal Jordanian авиакомпанияси амалга оширади. Жадвалга кўра, RJ196 рақамли илк рейс 30 июнь куни Аммандан маҳаллий вақт билан соат 22:50 да (Тошкент вақти билан 00:50 да) парвоз қилади.
Самолёт Тошкент халқаро аэропортига эртаси куни маҳаллий вақт билан соат 05:25 да етиб келиши режалаштирилган.
Мазкур тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги транспорт боғлиқлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, янги йўналиш Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА