Тошкент — 2027 йилги пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати мезбони
Тошкент шаҳри 2027 йилда пара енгил атлетика бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши расман тасдиқланди. Ушбу нуфузли мусобақа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилиши билан тарихий аҳамият касб этади.
Мазкур дунё биринчилиги 2027 йил июнь ойида пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” таркибига кирувчи “Олимпия” стадионида бўлиб ўтади.
“Тошкент-2027” мусобақаси тартиб бўйича XIII пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ҳисобланади. Шунингдек, ушбу турнир Осиё қитъасида бешинчи бор ташкил этилади. Илгариги мезбон шаҳарлар сифатида Доҳа (2015), Дубай (2019), Кобе (2024) ва Нью-Деҳли (2025) қайд этилган.
Мусобақада 100 дан ортиқ мамлакатдан тахминан 1300 нафар спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса ушбу жаҳон чемпионатини Марказий Осиё тарихидаги энг йирик халқаро параспорт тадбирига айлантиради. Мусобақа дастури Паралимпия ўйинлари дастурига мос ҳолда шакллантирилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА