Тўрақўрғоннинг лой кўчаларига ким қарайди?
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари раҳбарларининг асосий вазифаси халқимизни эртага эмас, бугун ҳаётидан мамнун бўлиб яшаши ва розилигини таъминлашдан иборат.
Таассуфки, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ҳамма вақт ҳам бурч ва масъулият зиммага олинмаётир. Маҳаллий ҳокимият эътиборидан четда қолаётган масалага сиёсий партиялардан бири эътибор қаратди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман ташкилоти томонидан ташкил этилган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасидаги учрашувлардан бирида халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Носиржон Қозоқовга Олчин маҳалласи аҳолисидан йўлларни таъмирлаш бўйича мурожаат бўлган эди.

Қайд этиш керакки, мурожаатда долзарб муаммолардан бири кўтарилган. Яъни, Олчин кўчаларида қор ва ёмғирли кунларда умуман юриб бўлмайди. Айниқса, ўқувчилар мактабга бориш-келишга жуда ҳам қийналмоқда.
Мурожаат ижросига тезлик билан киришган депутат вазиятни жойига чиқиб ўрганди. Мавжуд муаамони бартараф этиш юзасидан туман йўл-қурилиш бўлими раҳбарига депутатлик сўрови юборган эди. Шу кунларда эса маҳалла кўчаларини таъмирлаш бошланди. Муҳими, депутатнинг ўзи жараённинг бориши, яъни ободончилик ишларни шахсан назорат қилиб турибди.
Шу бир мулоҳаза: туман ҳокимлиги, ҳудудга масъул сектор раҳбари, ободонлаштириш ва йўл-қурилиш ташкилотлари мутасаддилари Олчин маҳалласи мисолидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларига қачон киришадилар? Ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга биринчи галда, маҳаллий бошқарув идоралари масъул эмасми? Бу борада тегишли раҳбарлардан амалий натижаларни кутиб қоламиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.