Тўқсонбости экинлари даромад манбаи
Фарғона вилоятида жорий йилда 25 минг гектар ер майдонида тўқсонбости экинларидан сабзи, саримсоқпиёз, карам, кўкатлар етиштириш режалаштирилган.
Тўрт мавсумда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган миришкорлар тўқсонбости усулидан самарали фойдаланмоқда. Бу яхши даромад манбаи бўлиши билан бирга, аҳолининг эртаги сабзавотга бўлган талабини қондириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон туманидаги фермер хўжаликлари, қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчи аҳолининг кўпчилиги ўз томорқаларига тўқсонбости усулида экин экиб, даромад олади. Туман миришкорлари томонидан кузнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, тўқсонбости усулида экин экишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Дала меҳнаткашлари ёз бўйи етиштирган маҳсулотларини ўз вақтида йиғиштириб олиб, айни вақтда экинлардан бўшаган майдонларнинг бир қисмига саримсоқпиёз, исмалоқ, турп, карам, пиёз ва кўкатлар экиб, парваришламоқда.
Ана шундай миришкорлардан бири Фаровон келажак маҳалласидаги “Усмонжон Мелиқўзи Тўлаш” сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжалиги иш юритувчиси Салоҳиддин Усмоновнинг таъкидлашича, хўжалик майдонларида мунтазам равишда тўқсонбости экинлари парваришланиб, муносиб даромад олиб келинади.
–Бу йил ҳам 2 гектар майдонда саримсоқпиёз ва исмалоқ экинларини парваришлаяпмиз. Ноябр ойининг бошида эса 50 сотих майдонга қизил сабзи экишга тайёргарлик кўряпмиз. Экинларимизнинг серҳосил бўлиши учун шу жойнинг ўзида етиштирган 45 тонна биогумус захирасини ҳам жамғариб қўйганмиз. 2 гектар майдондаги саримсоқпиёздан эрта баҳорда 35 тоннадан зиёд ҳосил олишни кўзлаганмиз, –-дейди Салоҳиддин Усмонов.
Туманнинг “Дўстлик” маҳалласида ҳам зироатчилик, миришкорлик ривожланган. Маҳалладаги 7 гектардан зиёд майдонда 20 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган “Абдураҳмон Иброҳим Отажонович” фермер хўжалиги миришкорлари ҳам кўпдан буён халқимиз дастурхонига юқори қувватли сархил экинларни етказиб беради.
Хўжалик раҳбари Умиджон Дадабоевнинг маълум қилишича, хўжаликнинг айни 1,5 гектарли битта контурининг ўзида бир йилда учинчи марта ҳосил олинмоқда. Бу майдонда ҳам шолғом, турп ва исмалоқ каби фойдали экинлар барқ уриб ривожланмоқда.
–Мана шу майдоннинг ўзида дастлаб жорий йилнинг феврал ойида карам экиб 300 миллион сўм даромад олдик, кейин иккинчи ҳосилга ширин макка экдик, мана учинчи ҳосилимиз – тўқсонбости экинларидан эса ноябрь ойи охирида юқори ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. Биргина 25 сотих майдонда етиштирилган турпнинг ўзидан 20 тонна турп олишни чамалаганмиз, –дейди Умиджон Дадабоев.
Ўзбекистон туманида жорий мавсумда 3 минг 200 гектардан зиёд майдонларда тўқсонбости усулида экин экиш тадбирлари режалаштирилган. Шу кунгача эса аҳоли томорқалари, боғ қатор оралари, деҳқон ва фермер хўжаликлари дала майдонларининг 2 минг 500 гектар қисмига мазкур экинлар экилган.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири