Тоқаев: БМТ ХК тинчликни таъминлай олмаяпти
БМТ Хавфсизлик кенгаши ер юзида тинчликни таъминлаш вазифасини бажаришдан тўхтади, деди Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев.
– Айниқса йирик давлатлар бир-бирига ишонмай қўйгани БМТ ва тузилма институтлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатди, деди у Қозоғистоннинг янги бир палатали парламенти – Қурултойнинг биринчи сессияси очилишидаги нутқида. – БМТ ХК дунёвий ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича мажбурий вазифасини бажара олмаяпти.
Етакчи қўшимча қилишича, жаҳон миқёсида содир бўлаётган мисли кўрилмаган воқеалар кўчкига ўхшаш, тизимсиз, тартибсиз ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хусусият касб этган. Бу фалокатлар деярли барча мамлакатлар ва халқларни ўз домига тортяпти.
Тоқаев шундай ноқулай шароитда минтақавий халқаро ташкилотлар олдинга чиқиб, ўз мавқеини сезиларли даражада оширганини таъкидлади. Қозоғистон раҳбари одатда “ўртача куч” сифатида таърифланадиган мамлакатлар олам саҳнасида яққол кўзга ташланаётганига урғу берган.
С.Раҳимов, ЎзА