Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тўпаланг” сув омборининг шу пайтгача кўрилмаган имкониятларидан фойдаланила бошланди

Президент ташрифидан сўнг…

Сариосиё тумани марказидан қарийб қирқ километр узоқликда бир сув омбори бор. У кўп йиллар давомида асосан суғориш ва гидроэнергетика манбаи сифатида тасаввур қилинар эди. Воҳаликлар учун унинг асосий мақсади деярли шу билан чеклангандек туюларди.

Аммо кейинги йиллардаги ислоҳотлар ва стратегик ёндашувлар бу инфратузилманинг ҳақиқий салоҳияти анча кенг эканини кўрсатди.

“Президент ташрифидан сўнг…” рукнининг бу галги мавзуси ҳам аҳоли ҳаётини тубдан яхшилаётган ечимларга бағишланади.

Бугун “Тўпаланг” сув омбори сувидан оқилона фойдаланиш орқали Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ҳақида гаплашамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир ишлар билан танишган эди. Президент ташрифи доим бир нуқтаи назарни, амалий натижаларни, аниқ жорий ечимларни ва ҳақиқий ижтимоий таъсирни марказга қўяди. Бу гал ҳам шундай бўлди.

“Тўпаланг” сув омборининг 336 миллион куб метрли захираси Денов, Шўрчи, Қумқўрғон каби ҳудудлардаги 202 минг гектар ерни суғоришга хизмат қилиб келган. Илгари бу қувватни шунчаки техник кўрсаткич сифатида қабул қилганмиз. Бироқ бугунги кунда сув ресурсларини бошқариш бўйича ислоҳотлар натижасида мазкур омборнинг имкониятлари анча кенг қамровли экани тасдиқланмоқда.

Охирги йилларда сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш, ирригация инфратузилмасини янгилаш, сув ресурсларидан сарфсиз ва оқилона фойдаланиш мамлакат миқёсида устувор йўналишга айланди. Бу жараён сув танқислиги юқори бўлган Сурхондарёда айниқса муҳим аҳамият касб этади. “Тўпаланг”нинг янги имкониятлари мана шу ислоҳотлар мевасининг ёрқин мисолидир.

Қувонарлиси, 287 миллион долларлик йирик лойиҳа доирасида вилоятнинг кўплаб ҳудудларида тоза ичимлик сувига эришиш мутлақо янги босқичга кўтарилди. 

– Шу кунгача вилоятмизнинг кўплаб ҳудудларида асосан ерости сувларидан фойдаланилар эди, – дейди меҳнат фахрийси Оғамуҳаммад Мўминов. – Бундай сувларнинг минераллашув даражаси юқори, шўр ва қаттиқ бўлади. “Тўпаланг” сув омборининг табиий, юмшоқ ва экологик тоза сувидан фойдаланиш бошлангани жуда хайрли иш бўлди. Халқ жуда мамнун. Бу оби-ҳаёт овқат ҳазм қилиш ва бошқа юқумли касалликларнинг камайишига хизмат қилади. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилайди. Сув таъминоти яхшиланган ҳудудларда эса тадбиркорлик, саноат ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очилмоқда. Яна бир жиҳати, истеъмолчиларнинг биллинг тизимига уланиши сувни ҳисоблашда шаффофликни оширди. Натижада қарздорлик билан боғлиқ масалалар анча камайган.

Дарҳақиқат, “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаси доирасида қисқа муддатда йирик қурилиш ва монтаж ишлари амалга оширилди. Замонавий механизмлар ишга туширилиб, минералларга бой ичимлик суви Термиз шаҳри ва яна ўнга яқин туманга узлуксиз етказиб берилмоқда. Бу 8-9 йил муқаддам 47 фоиз бўлган марказлашган сув таъминоти кўрсаткичининг бугун 67,5 фоизгача кўтарилганидан ҳам яққол кўринади. Миқдор билан бирга сифат ҳам жуда катта ўзгаришга эга.

Президент ташрифи чоғида мазкур энергетик, технологик ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Бу ечимлар нафақат бугунги эҳтиёжни қоплайди, балки келгуси ўн йилликлар учун барқарор инфратузилма пойдеворини яратади.

Лойиҳанинг энг муҳим ютуқларидан бири 246 километрли магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилишидир. Яна бир технологик инновация сувни насосларсиз, табиий босимда узатиш имконияти яратилгани бўлди. Чунки сув омбори денгиз сатҳидан юқори нуқтада жойлашган. Фақат географик жойлашувнинг ўзи шунчалик катта энергия тежамкорликка хизмат қилади, деган фикр аввал тасаввурга ҳам келмасди. Эндиликда Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туманларга сув электр энергияси сарфламасдан етказилмоқда. Бунинг ўзи йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилиш ва 18,5 миллиард сўм маблағни тежаш демакдир.

Сифат ўзгаришлари аҳоли турмуш тарзига бевосита таъсир қилмоқда. 223 та маҳаллада сув таъминоти барқарорлашди. Сувнинг қаттиқлик даражаси икки баробаргача камайди. Бу маиший жиҳозлар хизмат муддати ошиши, санитария шароитлари яхшиланиши, тиббий муаммолар камайишига олиб келади.

“Шимолий” сув ишлаб чиқариш иншоотида ташкил этилган Геоахборот маркази эса бутун тизимни реал вақтда мониторинг қилиш имконини яратди. Босим пастлаши ёки авария ҳолатлари бир неча дақиқа ичида аниқланиши замонавий сув хўжалиги бошқарувининг янги босқичи саналади.

Табиий сув манбаларига юкни камайтириш ҳам муҳим натижа ҳисобланади. Лойиҳа ишга тушгач, юздан зиёд ер ости сув қудуқларига эҳтиёж қолмади. Буни экологик барқарорлик учун катта ютуқ дейиш мумкин.

[gallery-28078]

Гидроэнергетика салоҳиятининг юқорилиги “Тўпаланг” сувининг яна бир имкониятини кўрсатади. Дарёлар оқими “яшил энергия” манбаи сифатида ҳам вилоят учун стратегик аҳамиятга эга. Президентга гидроэнергетикадаги истиқболли лойиҳалар тақдим этилгани бежиз эмас. Янги станциялар тармоғи нафақат энергия мустақиллиги, балки барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

Сув омборидан фойдаланишдаги янги ёндашув фақат техник ёки муҳандислик ютуғи эмас. Бу Сурхондарёнинг барқарор ривожланиши, аҳоли саломатлиги, тадбиркорлик ва саноат имкониятларининг кенгайишини англатади. Бу яна шу каби ўнлаб ижтимоий-иқтисодий натижаларни бир вақтнинг ўзида рўёбга чиқарган улкан ўзгаришдир. Шу билан “Тўпаланг” энди фақат сув манбаи эмас, балки вилоят келажагини белгилаб бераётган стратегик инфратузилмага айланди.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат), ЎзА мухбирлари