“Томоша” болалар театр-студияси – 35 ёшда
Пойтахтимизда “Томоша” болалар театр-студияси ташкил этилганининг 35 йиллиги ҳамда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан тантанали мусиқий тадбир бўлиб ўтди. Унда маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, “Томоша” болалар бадиий жамоаси деганда, шўх-шодон қўшиқлар ижро этувчи истеъдодли болалар гуруҳи барчанинг кўз олдида намоён бўлишини” таъкидлади.
Бугунги кунда 35 ёшини кенг нишолаётган ушбу студия мамлакатимизда бўлиб ўтадиган турли тантаналар, байрамлар, мусиқий дастурларда, “Президент арчаси” тантаналарида фаол иштирок этиб келмоқда.

“Томоша” болалар театр-студияси болажон режиссёр Нодира Қурбонованинг саъй-ҳаракатлари билан дунё кезди. Сўнгги йилларда ўнлаб халқаро нуфузли фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларга, Гран-при, мукофотларга сазовор бўлмоқда.

Ўттиз беш йиллик йўлни босиб ўтган “Томоша” театр-студияси бугун энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Ҳозирча “Томоша” шундай кенг шароитларга эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона болалар бадиий жамоасидир.
Тадбирда жамоа фаолиятида жонбозлик кўрсатаётган режиссёрлар, тегишли соҳа вакиллари “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Томоша” болалар театр-студиясининг эзгулик, ватанпарварлик, меҳр ва оқибатни тарғиб этувчи театрлаштирилган мусиқий дастури намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА