Томорқачилик оммалашиб, даромад манбаига айланмоқда
Ўтган 2024 йилнинг январь ойида давлатимиз раҳбари Сирдарёга ташрифи давомида Сайхунобод туманининг Иттифоқ маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликлари билан танишиш асносида нафақат Сирдарёда, бутун республикамизда "Сайхунобод тажрибаси" асосида ишни ташкил этиш, ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни оммалаштириш асосида ишни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берганди.
Ана шу топшириқлар ижроси доирасида ўтган давр ичида Сайхунобод тумани ўзгаришлар томон юз тутди. Дастлаб томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳолининг фаровонлиги ошишига, аҳолининг ишсизлик ва камбағаллик даражасини камайтиришга эришилди. Муҳими, тумандаги мавжуд 3400 гектар аҳоли томорқаларида нафақат рўзғор учун, бозор учун муҳим бўлган экин турлари экилди. Бунинг натижасида кўплаб оилалар яхшигина даромадли ҳам бўлишмоқда.

–Давлатимиз раҳбарининг туманимизга ташрифидан сўнг бўш турган йигирма сотихли томорқамда иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, унда гул етиштиришни йўлга қўйдим,–дейди Мустақиллик маҳалласида истиқомат қиладиган томорқачилик фаолияти билан шуғулланаётган Шавкат Нуралиев. – Натижа-чи, ёмон бўлмади. Олган даромадим ҳисобидан бу йил иссиқхона хўжалигимни 30 сотихга кенгайтирдим. Бунинг ортидан оила аъзоларим ҳам ишли, ҳам даромадли бўлди.

Қувонарлиси, "Сайхунобод тажрибаси" асосида сайхунободликларнинг тадбиркорлик кўникмаси шаклланиб, кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2024 йилда 130 тага кўпайиб, 394 тага етди.
– Ер олиб, экин эккан билан ҳосил мўл бўлавермайди,–дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Холиқбердиев. – Яхши натижага эришиш учун билим, тажриба зарур. Ҳудудларда маҳаллабай ишлаш тизими, уйма-уй юриш орқали тарғибот ишларини олиб бориш, маҳаллаларда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши аҳолига қулайлик яратмоқда. Чунки, битта маҳаллага бир маҳсулот уруғи ёки кўчати етказиб берилиши ҳисобига хонадонлар эгаларининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Маҳсулот пишиб етилганидан кейин ҳам харидор топишда муаммолар бўлмайди. Бир маҳсулотни катта ҳажмда олувчи харидорлар доимо топилади.

Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб ярата олган сирдарёликларнинг тажрибаси “Сайхунобод тажрибаси” билан бойиди. Бу албатта, Президент ташрифидан кейинги энг катта ўзгариш. Биргина томорқачиликда “Сайхунобод тажрибаси”нинг йўлга қўйилиши, ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлашда, даромади ортишида ниҳоятда қўл келмоқда. Чунки, ташрифдан олдин шундай сувли, деҳқончилик учун қулай имкониятга эга Сайхунобод туманида бу имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганди. Президент ташаббуси билан йўлга қўйилган тизим туфайли аҳолининг томорқадан даромад топишга бўлган интилиши янада кучайди.

–Томорқачилик ортидан яхшигина даромад топса, уй қурса, тўй қилса бўлади,–дейди Шодлик маҳалласида истиқомат қилаётган Ёқубжон Рўзиев. – Лимончилик фаолияти билан шуғулланганимга бу йил етти йил бўлиб қолди. Аммо томорқамда барпо этган 3 сотихли иссиқхона, унга экилган етти йиллик лимон кўчатларим ҳисобига уй қурдик, тўй қилдик. Унга қўшимча ташкил қилинган 3 сотихли янги лимон боғимдан ўтган йилнинг декабрь ойида 1,5 тонна лимон олдим. Бундай натижага ўз-ўзидан эришилмайди. Бунга озгина меҳнат, сабр ва қунт керак. Бу борада мендан сўраганларга ўзим билганимча, тажрибамдан келиб чиқиб маслаҳат беряпман. Улар ҳам ўз томорқаларида иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, лимон бўлмасада, бошқа экин турларини экиб кам бўлишгани йўқ.
Сайхунободда томорқачиликдан ташқари оилавий тадбиркорликнинг турли шакллари ҳам кенг оммалашиб бормоқда. Бу эса аҳолининг даромади ошишига, фаровонлигини таъминлашга, ишсиз ва камдаромад оилаларнинг ҳам ишли, ҳам даромадли бўлишига хизмат қиляпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири