Томорқачи аёлнинг уйида семинар ташкиллаштирилди
Қизилтепа туман "Тошмачит" маҳалласида яшовчи Гулнора Самиевани маҳалладошлари ҳар қарич ердан фойда ола биладиган уста томорқачи, деб билишади.
Ҳовлисининг ичи-ю ташидан иссиқхона қурдириб, об-ҳаво инжиқликларини писанд этмай, экин-текин қилиб, эл дастурхонига маҳсулот етказиб бераётганига кўпчилик ҳавас билан қарайди.
Шу боис ЎзЛиДеП Қизилтепа туман Аёллар қаноти ташаббуси билан туман Кенгаши депутати Х.Солиева «Бир депутат юз аёлга кўмакчи» ва «Намунали томорқачи» лойиҳалари ижроси юзасидан ўтказишни мўлжаллаган семинарни Гулнора опа хонадонида ташкиллаштирди.

ЎзЛиДеП Қизилтепа туман Кенгаши «Аёллар дафтари» га киритилган ишсиз хотин-қизларни Г.Самиева хонадонига жамлаб, томорқа ва иссиқхонадан даромад олиш сирлари бўйича семинарга жалб этди.
Семинарда аёллар намунали томорқачидан томорқа билан ишлаш, ерни экин экиш даврига тайёрлаш, уруғ кўкартириш, ниҳолни ўз вақтидан кечиктирмай кўчириб ўтказиш ва шунга ўхшаш томорқачиликка кириш илмини амалий ҳолда ўргандилар.
--ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилган бугунги семинар шахсан менга кўп нарса берди. Гулнора опанинг ҳовли ичидан иккиталаб 4 сотихлик, ташқаридан 2 сотихлик иссиқхона қурдириб, томорқадан даромад кўраётгани менга ҳам туртки бўлди. Кредит олиб бўлса ҳам, албатта, хонадонимда иссиқхона ташкиллаштираман, деган тўхтамга келдим, – дейди шу маҳаллада яшовчи Зебо Давронова.
Тадбир давомида «Тошмачит» маҳалласидаги фаол хотин-қизлар томонидан ҳар бир маҳалла қошида «Аёллар қаноти»нинг «ЎзЛиДеП фаоли – ислоҳотлар тарғиботчиси» клубини очиш лойиҳасини қўллаб-қувватланди ва 20 нафар фаол хотин-қизлардан иборат тарғиботчилар клуби ташкил этилди. Клуб раҳбари этиб семинар ташаббускори--Халқ депутатлари Қизилтепа туман депутати Х.Солиева сайланди.

Тадбир якунида «Аёллар дафтари»га кирган С.Тошева. З. Давронова, Б.Мухаммедова, Ф.Халимова ва С. Шоназаровалар оилавий тадбиркорлик қилиш мақсадида кредит олиш истагини билдирди. Тўрт нафар аёлнинг тадбиркорликка иштиёқи ҳисобга олиниб, шу жойнинг ўзига «Миллий банк» АТБ туман бўлими масъул ходими чақиртирилди ва кредит олиш тартиби бўйича ҳам батафсил тушунча берилди.
ЎзЛиДеП Навоий вилоят матбуот хизмати