Томорқа даромад ва саломатлик манбаи
Коронавирус инфекцияси оммавий тарқалиб кетмаслиги учун уйда қолиш сўралаётган шу кунларда юртдошларимизга ўрнак бўлаётган, томорқада меҳнат қилиб, мўмай даромад олаётган оилалар барчамизга ўрнак бўлиши табиий.
Коронавирус инфекцияси оммавий тарқалиб кетмаслиги учун уйда қолиш сўралаётган шу кунларда юртдошларимизга ўрнак бўлаётган, томорқада меҳнат қилиб, мўмай даромад олаётган оилалар барчамизга ўрнак бўлиши табиий.Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги Навбаҳор маҳалласида истиқомат қилувчи бир қатор оилалар хонадонига кирсангиз, бу ерларга баҳор анча эрта келганга ўхшаб туюлади. Атрофдаги яшилликдан баҳри дилингиз очилади.
Фахрий ўқитувчи Зоя момо Отақулова хонадонида ўсаётган анжирлар ҳосили мўл. Пакана нок дарахтининг оппоқ гуллари эса кўнгилга ҳузур беради.
Хонадон аъзолари 1,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб помидор, бодринг, булғор қалампири каби экинларни эккан. Иссиқхонадаги ва ҳовлига экилган эртаки картошка томчилатиб суғорилади. Зоя момонинг ўғли Худойберди аканинг айтишича, экинларга энг аввало меҳр керак. Шунда баравж ривожланади.
– Иссиқхонада сокин мусиқалар оғушида меҳнат қиламиз. Бу ғайратимизга чандон ғайрат қўшишдан ташқари, экинлар ривожи учун ҳам кони фойда, – дейди Худойберди ака.
Қора шаҳзода, фикус, хитой атиргули, канар палмаси, алоэ, геран... Зоя момонинг ён қўшниси Мурод Иватов хонадонида шу каби ўнлаб турдаги гўзал ва жозибадор гуллар етиштирилмоқда. Унинг мўъжазгина гулхонасида бир донаси бозорда 100-150 минг сўмдан сотиладиган ноёб гуллар ҳам сероб. Турмуш ўртоғи Ҳалима Шерхонова билан беш йилдирки гул етишттиради. Ҳар йили минглаб гул ва гул қаламчаларини парваришлаб, сотувга чиқаради. Даромад ҳам шунга яраша.
– Юзга яқин гул турларини парваришлаймиз, – дейди Мурод Иватов. –Ҳар бири алоҳида парвариш, меҳнат талаб қилади. Лекин даромади чакки эмас. Ҳар йили 2,5-3 мингта гулни гултувакка ўтқазиб сотамиз. Қолаверса, 10-12 мингта гул қаламчаларини бозорга чиқарамиз. Шунинг ортидан рўзғоримиз бут. Ерга меҳр бериб меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳати, самарасини кўради.
Аваз Ражабов хонадонидаги тўкин-сочинликка ҳам кўпчиликнинг ҳаваси келади. Бунда томорқадан келаётган даромад катта аҳамиятга эга. Аваз бобо бундан 3 йил илгари пенсияга чиққанди. Фарзанди Асад билан кенгашиб, томорқанинг 3 сотихча жойида иссиқхона барпо этишди. Иссиқхонада помидор, бодринг етиштириб, ҳар йили уч мартадан ҳосил олишмоқда. Уста деҳқонлар томонидан илик узилди пайти, деб таърифланадиган айни кезларда Аваз бобо хонадонида помидор ғарқ пишган. Бобонинг айтишича, ҳар бир ҳосилдан 15-20 миллион сўмдан даромад олишади.
Маҳалладаги Баҳодир Худойназаров хонадонида паррандачилик йўлга қўйилган. 100 бош товуқдан бир кунда йўқ деганда 50-60 та тухум бор. Қолаверса, хонадондаги инкубаторга бир мартада 1500 тагача тухум қўйилади. Жўжалар 19-21 кунда очиб чиқади. Хонадон соҳиби жўжаларнинг бир қисмини парваришлаш учун олиб қолиб, қолганини пуллайди. Қолаверса, уч ойча илгари харид қилган бир дона қуёни бугун 25 тага етибди. Икки бош қўйнинг ёнига 6 ойда яна беш бош қўшилибди.
Турмуш ўртоғи Майсара Раҳматова эса томорқада кўчатчилик билан шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда помидор, қалампир, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб сотади. Буларнинг ҳаммаси уларнинг рўзғорига барака бўлиб инади.
– Кафтдек ердаги кўчатларнинг ўзидан 5-6 миллион сўм даромад қиламиз, – дейди Майсара Раҳматова. – Карантин пайтида барчага уйда ўтириб, бир қарич ерингиз бўлса ҳам унга ишлов бериб, нимадир экишни тавсия қиламан. Томорқада ишлаб ҳам соғлом бўласиз, ҳам даромад топасиз.
Меҳнат қилган олтин теришини Китоб туманидаги Бештерак маҳалласида яшовчи томорқачилар ҳам яхши англайди. Улар томорқасидан унумли фойдаланиб, нафақат оиласига даромад келтирмоқда, балки бозорлар тўкинлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Жўра бобо Абдуназаров ана шундай омилкор томорқачилардан бири. У 14 сотих томорқасининг 3 сотихида иссиқхона ташкил этган. Эрта баҳорда дастлабки ҳосил – кўкатлардан яхшигина даромад топаяпти. Иссиқхонада иккинчи ҳосил – помидор, бодринг ва булғор қалампири кўчатлари етилиб қолган. Ўтқазилган лимон кўчатлари ҳам баравж ўсмоқда.
У томорқасининг бир қаричини ҳам бўш қолдирмаган. Бир қисмига эртапишар, бир қисмига эса ўртапишар картошка уруғи қадаган. Бир томонда қулупнай, бошқа томонда эса пиёзнинг қимматбаҳо навидан етиштирмоқда. Бобонинг айтишича, пишиқчилик чоғида узумлар ишкомга сиғмай кетади. Доимий меҳнат билан машғуллиги туфайли соғлом, тетик.
– Ўтган йили фақат узумнинг ўзидан 10 миллион сўмдан зиёд даромад олганмиз, – дейди хонадон соҳиби. – Узумни майиз қилиб сотдим. Бошқа экинлардан ҳам фойда чакки эмас. Рўзғордан ортганидан ҳар йили 40-50 миллион даромад оламан. Ерга меҳр бериб меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳати, самарасини кўради.
Унинг қўшниси Болта бобо Ҳусайинов хонадони кирсангиз баҳри дилингиз очилади. Саришта хонадон томорқасида йўқ экиннинг ўзи йўқ. 4 сотихли иссиқхонада помидор, бодринг кўчатлари парваришланмоқда. Уларнинг орасида турли кўкатлар етиштирилган. Иссиқхонага туташ ерда тўқсонбости усулида картошка етиштирилмоқда. Ўрик, олма, ёнғоқ, нок, узум, бодом, анор каби мевали дарахтлар ҳовлига янада файз бағишлаб турибди. Шунингдек, ҳовлида қорамол, қўй ва парранда ҳам боқилади. Даромаддан данғиллама уй қуришган, орзу-ҳаваслари рўёбини кўришмоқда.
Боболарнинг ғайратидан уларнинг яна бир қўшниси Давлат Шарипов ҳам ғайрат олаяпти. У ҳам томорқасида ихчамгина иссиқхона барпо этган. Ҳар йили 3 мартагача ҳосил олади. Кўркам хонадонга экинлар янада зеб берган.
Бир сўз билан айтганда, Навбаҳорда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган пурмаъно ҳикматнинг мағзини чаққан, бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслигини чуқур англайдиган одамлар яшайди.