Тўловлар банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади
2026 йил 1 апрелдан тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширишга оид меъёр кучга киради.
Бу давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.
Жумладан, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
қиймати 25 миллион сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш келгуси ойдан банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Бу билан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Н.Абдураимова, ЎзА