Тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ қонунга тайёрланаётган шарҳда халқаро тажриба акс эттирилади
Ўзбекистон Республикаси Олий судига Осиё тараққиёт банки вакиллари ташриф буюрди.
Олий суд раиси ўринбосари Малика Қаландарова билан учрашувда Осиё тараққиёт банки катта юристконсультанти Ханна Лим, Осиё тараққиёт банки халқаро эксперти Жон Мартин ва Осиё тараққиёт банки консультанти Шерзодбек Масодиқов иштирок этди.

Мулоқотда мамлакатимизда тўловга қобилиятсизлик қонунчилиги ва амалиёти бўйича шарҳни ишлаб чиқиш жараёни юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Одил судлов соҳасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, тўловга қобилиятсизлик ишларини судларда кўриб чиқиш амалиёти, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, хусусан, одил судлов соҳасининг бир қатор долзарб масалалари юзасидан ўтказилган тадбирлар аҳамиятли бўлгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунига шарҳни ишлаб чиқиш жараёни, мазкур масала бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳ фаолияти ва амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Халқаро эксперт Ж.Мартин “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунга шарҳ ёзиш бўйича 26-29 март кунлари Тошкент вилоятида ўтказилган муаллифлар муҳокамаси самарали ташкил этилгани, унда фуқароларнинг тўловга қобилиятсизлиги масаласи бўйича халқаро тажриба акс эттирилгани эътиборга лойиқ эканини таъкидлаб ўтди.
Айтиб ўтиш керакки, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунни қўллашда амалиётда кўплаб тушунмовчиликлар мавжуд. Мазкур шарҳни тайёрлаш амалиётда фаолият юритувчи судьялар, суд бошқарувчилари ва бошқа мутахассислар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
- ЎзА