“Токио-2020”нинг қийшиқ “кўзгуси”
Спорт шарҳловчиси мулоҳазаси
Жаҳон оғир ва енгил атлетикасида ўз мавқеига эга бўлган украиналик спортчиларнинг Токио эшиклари ортида қолиши олимпия ўйинларида медаллар орзуси билан яшаётганларга қай тарзда “ёрдам бериши” мумкин?
Оғир атлетика бўйича Украина терма жамоаси аъзолари Алексей Торохтий, Ольга Коробка ва Наталья Давидова допинг текширувдан ўтолмаганлиги натижасида Токио олимпиадасида иштирок этишдан мосуво этилишидан ташқари Украина Президенти Владимир Зеленский қарори билан олимпия степендиясидан ҳам маҳрум қилинди, дея хабар тарқатди “Украинская правда” давлат нашри.
Маълумки, ушбу уч спортчи 2008 ва 2012 йиллардаги олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлишган эди. Уларнинг “Токио-2020”да қатнашмаётганлиги ва ўтган тўрт йиллик мусобақаларидаги натижалари бекор қилиниб, медаллари қайтариб олинганлиги сабабли давлат раҳбари мазкур қарорни имзолаган.
Кеча эса украиналик енгил атлетикачилар Михаил Гаврилюк, Назара Коваленко ва Наталья Пироженко допинг натижалари сабабли Токио ўйинларидан четлаштирилди. Шу кунгача 4 та бронза медалиги эга бўлган Украина олимпиячилари учун “Токио-2020” ўйинлари омадсиз кечаётганлиги мамлакат ОАВларида кенг муҳокама қилинмоқда, қатъий фикрлар билдирилмоқда. Спортчиларнинг олимпия степендияларидан маҳрум қилиниши ҳам айни муносабатларнинг маҳсули бўлди, дейиш мумкин.
Албатта, бу Украина муаммоси. Бизга дахли йўқ майдон. Аммо, жаҳон оғир ва енгил атлетикасида ўз мавқеига эга бўлган украиналик спортчиларнинг Токио эшиклари ортида қолиши олимпия ўйинларида медаллар орзуси билан яшаётган бошқалар қатори Ўзбекистон спортчиларига қай тарзда “ёрдам бериши” ёки таъсир кўрсатишини эса эрта- индин ўтказиладиган баҳслар кўрсатади.
Лекин биз ўзбекистонликлар учун бокс баҳсларидаги “адолат кўзгуси”нинг қийшиқлиги пайтида украинларнинг допинг можароси билан “бош оғриқ”қа қоришиши юртимиз енгил ва оғир атлетикачиларининг “елкасига шамол тегиши”га ёрдам берармикан? Олимпиада поезди эса югурушдан шамолдек елишга ўтиб олган паллада умидворлик қила олиш мумкинкинми ўзи? Билмадик, балки Украина “тажриба”сини қўллаш пайти келгандир...
Бироқ ҳали эркин ва юнон рум кураши, бокс ва оғир атлетиканинг “сўнгги чироқчалари” каби энг охирги илинжларимиз милтиллаб турибдики, зора, чақмоқларимиз улкан гулханга айланиб, Токио осмонини Улуғбек юлдузлари каби чароғон айласа...
Тўлқин Рўзиев