Тўғонлар мустаҳкамлиги қандай назорат қилинади? (+видео)
Сув омборлари мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Улар қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланилади. Шу боис бундай йирик иншоотларнинг мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлаш доимий эътиборни талаб этади.
Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлик институтида ҳам сув омборлари тўғонларининг техник ҳолатини ўрганиш, уларнинг мустаҳкамлиги ва устуворлигини баҳолаш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Институт илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, техника фанлари номзоди Саъдуллахон Умархоновнинг таъкидлашича, бугунги кунда тўғонларни ўрганишда замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект ва космик мониторинг имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда.
Унинг айтишича, институт Ўзбекистон Республикаси Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда тўғонларни космик мониторинг қилиш йўналишида иш олиб бормоқда. Космик кузатувлар орқали тўғонлардаги кўчиш ва деформациялар ҳақида маълумотлар олиниб, улар институт мутахассислари амалга ошираётган назарий ва компьютер ҳисоб-китоблари билан солиштирилади.
Айни пайтда тўғонларга сейсмик кучлар таъсирида юзага келиши мумкин бўлган деформациялар ҳам ўрганилмоқда. Тадқиқотлар якунида ҳар бир тўғон бўйича алоҳида хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Олимнинг айтишича, мамлакатимиздаги йирик тўғонлар доимий назоратда бўлиб, уларнинг ҳолати махсус ходимлар томонидан мунтазам кузатиб борилади. Сув сатҳи, тўғон танасидан сув сизиб ўтиши ва бошқа муҳим кўрсаткичлар махсус ўлчов воситалари ёрдамида назорат қилинади.
Тўғонлардаги ҳар қандай ўзгаришни ўз вақтида аниқлаш жуда муҳим. Чунки бундай иншоотларнинг шикастланиши катта иқтисодий зарар ва талафотга олиб келиши мумкин.
Шунинг учун тўғонларни лойиҳалаш ва қуриш босқичидан бошлаб, уларнинг мустаҳкамлиги ва устуворлиги пухта ҳисоблаб чиқилади. Фойдаланиш жараёнида эса замонавий мониторинг тизимлари орқали уларнинг ҳолати мунтазам назорат қилиб борилади.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов(видео),
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА