Тоғда дам олиш барча учун фойдали
Сочи шаҳридаги «Роза Хутор» дам олиш масканига ташкил этилган пресс-турнинг иккинчи куни журналистлар Олимпия шаҳарчаси билан танишди.
2003 йил 11 ноябрдан бошлаб ҳар йили Халқаро тоғ куни нишонланади.
Олимпия шаҳарчаси олимпия тоғ чанғи трассалари тушган Аибга тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида жойлашган. Байроқлар хиёбонида 2014 йилги Олимпиадада иштирок этган барча мамлакатлар байроқлари жой олган. Ўшанда Ўзбекистон шарафини уч нафар спортчи: фигурали учиш бўйича - Миша Гё, тоғ-чанғи спортида Ксения Григорьева ва Артем Воронов ҳимоя қилган эди.
ОАВ вакиллари маҳаллий табиат ва тоғ манзаралари билан уйғун рангда бўялган гўзал меҳмонхоналардан ўтиб, табиий минерал сув манбасига эга «Роза Спрингс» санаториясига ташриф буюрди. Бу ерда аҳолига ёзда санатория-дам олиш, қишда эса спорт йўналишидаги хизматлар кўрсатилади. Санаторийда Превентив тиббиёт клиникаси фаолият кўрсатади. Тиббиёт муассасаси бош шифокори ўринбосари Елена Сидорова пресс-тур иштирокчиларини клиника фаолияти билан таништирди.
Саломатлик марказида ҳам соғликни тиклаш учун кўпгина қулайликлар мавжуд. Хусусан, бу ерда сув терапияси, карбокситерапия, ксеноно- ва кинезотерапия, Iyashi Dome модулига асосланган детокс-сеанс каби даво усуллари таклиф қилинади. Шунингдек, марказда ваакумли сувости массажи, самурайлар ва креол массажлари, водород ингаляцияси каби даволаш муолажаларини олиш мумкин.
Россиядаги илк хилинг-меҳмонхона «Green Flow» - Шимолий Кавказнинг ажойиб тоғ ён бағрида жойлашган хушманзара жой. Бу ерда меҳмонларга лаборатория ва инструментал диагностикадан ўтиш, маҳорат дарслари ва медитацияларда қатнашиш, скандинавия усулида юриш ва йога билан шуғулланиш учун имкониятлари ҳам яратилган.
Спорт ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда кейинги йилнинг октябрь ойида тўрт кунлик халқаро марафон ўтказилиши режалаштирилган. Марафон дастурига жамоавий квест, карнавал, болалар югуриш мусобақаси, тоғ ён бағирлари бўйлаб югуриш ва бошқа спорт турлари бўйича беллашувлар киритилган.
«Роза Хутор» дам олиш масканида «SunShine Park» кўнгилочар комплекси, «Родельбан» аттракциони ва энг йирик тоғ-чанғи мактаби жойлашган.
Мактаб 11 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда, - дейди курортнинг фаол дам олиш ва туризм бўлими бошлиғи Ольга Падейская. – Бу ерда нафақат Инструкторлар миллий лигаси сертификатига, балки барча ёш ва даражадаги чанғи учувчилар билан ишлаш бўйича катта тажрибага ҳам эга 270 нафар инструкторлар ишлайди. «Егорка» клубида ҳар йили 60 минг нафар бола чанғи ва снуобрдда учишга ўргатилади.
Болаларнинг ёш тоифасига қараб, бешта ёш гуруҳлари ташкил этилган - «Снежинки», «Веселые старты», «Школа чемпионов», «Академия райдеров», «Rosa Kids Camp».
Тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича катта инструктор Денис Ставицкий иш куни, жараёнда юзага келадиган қийинчиликлар ва албатта, севимли машғулотнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берди:
- Инструктор – бу сизнинг шифокорингиз ва устозингиз, шу боис, мутахассислар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш керак, - дейди Д. Ставицкий. – Мактабда ўқувчилар ва мураббийларга бир хил эътибор кўрсатилади. Мотивация дастурлари ишлаб чиқилган, Европа мутахассислари билан тажриба алмашиш бўйича танловлар ва тадбирлар ўтказилади.
Кавказнинг биосфера қўриқхонаси билан туташган «Роза Хутор» дам олиш маскани баландликнинг учта поғонасида жойлашган. «Роза Долина» 560 метр баландликда жойлашган. Бу ердан Мзимта дарёси оқиб ўтади, Аибга тоғ тизмаси бўйлаб чўққига олиб чиқадиган арқонли йўл шу ердан бошланади.
Олимпия қишлоқчаси ва Байроқлар хиёбони жойлашган иккинчи сатҳдаги манзил «Роза Плато» деб аталади. Учинчи сатҳ - «Роза Пик» 2320 метр баландликдаги Каменный столб (Тош устун) тоғи чўққисидир. Бу ерда «Высота» номли Россиядаги энг баланд тоғ ресторани жойлашган. Дам олиш масканидаги ресторанлар гуруҳининг бренд-шефи Валентин Шин асли тошкентлик. У дам олишнинг гастрономик хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг журналистлар Сунъий қор ҳосил қилиш марказида бўлишди. Марказ ходими Вячеслав Солдатенковнинг сўзларига кўра, дам олиш масканидаги сунъий ҳосил қилиш тизими Европадаги энг йирик тизим бўлиб, у иккита (қуйи – асосий ва юқори – иккинчи даражали) сунъий кўлни, 404 та қор генераторлари, жумладан 382 та стационар ва 22 та кўчма қурилмани ўз ичига олади. Бу тизим 100 гектардан ортиқ майдонни қор билан қоплаб, чанғи учиш мавсумининг йилига 140 кунгача давом этишини таъминлаб беради. Ёзда 22 нафар ходим меҳнат қиладиган марказ бутун дам олиш масканини электр энергияси билан таъминлайди.
Пресс-тур давом этмоқда.
Алпомиш Машрабхонов, ЎзА.
Россия, Сочи шаҳри