Тоқаев БМТ Бош Ассамблеясининг мунозараларида иштирок этади
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк (АҚШ)га йўл олди, дея 23 сентябрь куни хабар берди Қозоғистоннинг давлатга тегишли телеканаллари.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк (АҚШ)га йўл олди, дея 23 сентябрь куни хабар берди Қозоғистоннинг давлатга тегишли телеканаллари.
Тоқаевнинг матбуот котиби Берик Қурмангалининг Facebookʼда маълум қилишича, сафар давомида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва бир қатор мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат бошлиқлари билан, шунингдек халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, Америка бизнеси, трансмиллий компаниялари, АҚШ сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари билан учрашувлари режалаштирилган. Ташриф 25 сентябргача давом этади, дея хабар берди матбуот котиби.
БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессияси ишида 196 та делегация, юзга яқин давлат етакчиси, БМТга аъзо 80 дан ортиқ мамлакатларнинг ҳукумат раҳбари ва ташқи сиёсат маҳкамаларининг раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Хабарларга кўра, Тоқаев Бош Ассамблеянинг умумий мунозараларида иштирок этади. Умумий мунозараларнинг бу йилги мавзуси “Қашшоқликни бартараф этиш, сифатли таълим, иқлимий ҳаракатлар ва ҳар томонлама ёндашувга қаратилган кўп томонлама саъй-ҳаракатларни бирлаштириш”дир.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур ташриф Тоқаевнинг давлат раҳбари сифатидаги АҚШга илк ташрифидир. У 2011–2013 йилларда БМТ Бош котибининг ўринбосари лавозимида ишлаган.