Тизим ходималари фаолияти ўрганилди
Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенглик масаласида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аёллар ҳамда эркаклар тенг ҳуқуқлигини таъминлаш, жамиятда ва бошқарувда аёллар ўрнини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор божхона органлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бугун божхона органларида аёл ходималарнинг етук билим ва чуқур интеллектуал салоҳиятга эга бўлиши учун ишга солинаётган барча шароитлар натижасида, тизимда уларнинг сони кун сайин ортмоқда.
Божхона тизимида хизмат қилаётган аёл ходималар иш фаолияти самарадорлиги, уларга яратилган шароит ва мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси, Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси У.Пирмухамедова Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, бевосита божхона постларида ва бошқарма аппаратида божхоначи аёллар билан очиқ суҳбат ўтказди. “Довуд-ота” чегара божхона постида хизмат қилаётган ходималар билан суҳбатлашар экан, раис маслаҳатчиси божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг ўрнига алоҳида тўхталди. Давлатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида эркаклар билан бир сафда, елкама-елка хизмат қилиш, шу касбни танлаган ҳар бир аёл учун шарафли бурч эканлигини таъкидлади.

Бундай учрашувлар “Қорақалпоғистон” темир йўл, “Хўжайли” чегара божхона пости ва бошқарма аппаратида ҳам бўлиб ўтди. Унда тизимда хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ҳимоя борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил тушунча берилди. Тизим аёлларида мавжуд муаммолар таҳлил қилинди ва жойида ижобий ечим топилди. Учрашувларда хизмат интизоми, одоб-ахлоқ, муомала ва кийиниш маданияти, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ӯрганишлар давомида У.Пирмухамедова пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар билан ҳам суҳбатлашиб, аёл ходималар муомаласи, ўзини тутиши, божхона расмийлаштируви жараёнлари билан қизиқди. “Довуд-ота” чегара ва “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постлари ҳудудидаги хизмат уйларида оилавий истиқомат қилаётган ходимларнинг турмуш ўртоқлари ҳамда фарзандлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфида бугунги кунда 34 нафар шаҳодатланган аёл ходима хизмат қилиб, шундан пост бошлиғи, таркибий тузилма бошлиғи ҳисобидан бош инспекторлар етишиб чиққан. Давлатимиз сарҳадларида 10 нафари катта инспектор лавозимида самарали хизмат қилмоқда.
Тизим ходимлари учун яратилган имконият ва имтиёзлар гендер тенглик тамойили асосида татбиқ этилмоқда. Узоқ йиллик иш стажи ва тажрибалари инобатга олинган ҳолда фарзандларини олий таълим муассасаларига ўқишга қўшимча квота асосида қабул қилиш бахти кўпчилик ходимлар қатори “Довуд-ота” чегара божхона пости катта инспектори Гульшад Абилкасимовага ҳам насиб этди.

Тадбирда гендер тенглик масалалари, тизимда хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири