Тирик чорва, балиқ ва асалариларга ҚҚСнинг ноль ставкаси жорий этилди
Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)нинг ноль ставкаси қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхати кенгайтирилиб, 14 та янги позиция билан 518 тага етказилди.
Янгиланган рўйхатга тирик балиқлар, тирик чорва моллари (бузоқ, сигир, буқа, қўй, эчки, от, туя, эшак), асалари оилалари (пакетлар), ипак қурти, шунингдек ферула (коврак) кўчати ва смоласи киритилди.
Маълум қилинишича, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган маҳсулотларни (пахта ва ғалладан ташқари) сотишда ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланилади. Ушбу тартиб Президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги тегишли фармонига мувофиқ тасдиқланган.
Рўйхат Солиқ қўмитасининг очиқ маълумотлар базасида жойлаштирилган бўлиб, унга олма, нок, ўрик, шафтоли, тарвуз, қовун, сабзавотлар, донли ва дуккакли экинлар, сут маҳсулотлари, гўшт, балиқ, уруғ ва кўчатлар каби кенг турдаги маҳсулотлар ҳам киритилган.
Мазкур имтиёз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг солиқ юкини камайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмасини рағбатлантириш ҳамда соҳада қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб фермер ва деҳқон хўжаликлари учун ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотишда ҚҚСнинг ноль ставкада қўлланилиши белгиланган.
Мутахассислар бу чора қишлоқ хўжалиги соҳасида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга туртки беришини таъкидламоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА