Тинчлик бор жойга инвестор келади, Ўзбекистон туризмининг янги имкониятлари
Глобал геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий беқарорлик кучаяётган бугунги даврда мамлакат тинчлиги нафақат сиёсий барқарорлик, балки иқтисодий тараққиётнинг ҳам бош омилидир. Айниқса, туризм соҳасида давлатнинг хавфсиз манзил сифатидаги имижи сайёҳлар оқими ва хорижий инвестицияларни жалб этишда ҳал қилувчи мезон ҳисобланади.
2026 йил июнь ойида эълон қилинган “Global Peace Index” натижаларига кўра, Ўзбекистон 163 давлат орасида 37-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткични қайд этди. Мамлакатнинг бир йил ичида 30 поғона юқорилаши Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорлик борасидаги позициясига халқаро эътибор ортиб бораётганини кўрсатади.
Тинчликнинг туризм тараққиётидаги ўрни, Самарқанднинг халқаро туристик марказ сифатидаги истиқболлари ҳақида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Мухсинжон Холмухамедов билан суҳбатлашдик.
– “Global Peace Index 2026” рейтингида Ўзбекистоннинг 37-ўринни эгаллаши туризм ривожи учун қандай аҳамиятга эга?

– Туризм учун тинчлик ва хавфсизлик энг муҳим омиллардан бири. Сайёҳ мамлакат танлаётганда унинг тарихий обидаси, табиати ёки миллий таомлари билан бир қаторда, аввало, ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши ҳақида ўйлайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистоннинг “Global Peace Index 2026” рейтингида 37-ўринни эгаллаши муҳим натижа. Айниқса, мамлакатнинг ўтган йилги 67-ўриндан 30 поғона юқорилагани эътиборга молик. Бу натижа Ўзбекистонни халқаро туризм бозорида хавфсиз ва барқарор туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш учун қўшимча имконият беради.
Тинчлик ва туризм бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Барқарор муҳит туризм ривожига кенг йўл очса, туризм соҳаси иқтисодий фаоллик, янги иш ўринлари ва аҳоли даромадларини ошириш орқали жамиятдаги ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлайди.
Бугун сайёҳлар манзил танлаётганда хавфсизлик, жиноятчилик даражаси, сиёсий барқарорлик ва маданий очиқликка жиддий эътибор қаратмоқда. Шу боис Ўзбекистоннинг тинчлик рейтингидаги ижобий динамикаси мамлакатнинг туристик имижига ҳам таъсир кўрсатиши табиий. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатга 7,75 миллион нафар хорижий турист ташриф буюргани ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,6 фоизга кўпайгани ҳам соҳадаги ўсиш суръатларини кўрсатади.
Самарқандни фақат тарихий ёдгорликлар жамланган шаҳар сифатида қабул қилиш тўғри эмас. У бугун илм-фан, таълим, маданият ва халқаро мулоқот маркази сифатида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Самарқанд Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлган. Ипак йўли эса тарихда нафақат савдо-сотиқ, балки турли халқ, маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот воситаси вазифасини ҳам бажарган.
Шу маънода бугунги Самарқандда туризмни ривожлантириш тарихий меросни намойиш этиш билан чекланмасдан, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорлик ғояларини замонавий мазмун билан давом эттириш демакдир.
– “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ушбу жараёнда қандай ўрин тутади ва илмий-тадқиқот йўналишлари мамлакат туризмига қандай амалий натижа бериши мумкин?
– Университетимиз 2021 йилда ташкил этилган бўлса-да, қисқа вақт ичида туризм ва маданий мерос соҳасида таълим ва илмий-тадқиқот ишларини бирлаштирган халқаро марказ сифатида шаклланмоқда. Биз учун Ипак йўли тушунчаси оддий тарихий бренд эмас. Университет фаолиятида Ипак йўли халқлар ўртасида тинчлик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик кўприги сифатида талқин қилинади.
Бунинг учун таълим дастурларимизда туризмнинг иқтисодий жиҳати билан бир қаторда, тинчлик, маданиятлараро мулоқот ва туризм дипломатиясига ҳам эътибор қаратилмоқда. “Тинчлик ва туризм” фани доирасида GPI методологияси, можароларни бошқариш ва туризм дипломатияси каби мавзулар ўрганилади. Замонавий туризмни илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Бугун сайёҳлик маҳсулотини яратишдан тортиб, маданий мерос объектини асраш, рақамлаштириш ва янги туристик йўналишларни ишлаб чиқишгача бўлган жараёнларда илмий ёндашув зарур.
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети маданий меросни рақамлаштириш, тарихий шаҳарлар архитектураси ва шаҳарсозлиги, туризм менежменти ва маркетинги каби йўналишларга эътибор қаратилмоқда. Гастротуризм, экотуризм ва зиёрат туризми бўйича янги дастурлар ишлаб чиқиш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Бундан ташқари, университет ҳузуридаги “Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти 2025–2026 йилларда бешта халқаро конференция ўтказди. Уларда 30 дан ортиқ давлат олимлари иштирок этди. Бу каби илмий мулоқотлар Самарқанднинг халқаро академик ва туристик нуфузини янада оширади.
– Халқаро ҳамкорлик туризм соҳасида мамлакат имижига қанчалик таъсир кўрсатади?
– Бугун мамлакат ҳақидаги тасаввур фақат туристик реклама орқали эмас, балки таълим, илм-фан, маданият ва халқаро мулоқот орқали ҳам шаклланади. 2026 йил март ойида Европа парламенти депутатларидан иборат делегациянинг Самарқандга ташрифи ҳам шу нуқтаи назардан аҳамиятли бўлди. Меҳмонлар шаҳарнинг тарихий обидалари билан бирга университетнинг илмий лабораториялари ва кутубхонаси билан танишди. Бундай ташриф илмий-маданий алоқаларни кенгайтириш билан бирга, Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсати ва туристик салоҳияти ҳақида халқаро тасаввурни мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда туризм шунчаки сайёҳларни қабул қилиш ёки хизмат кўрсатиш тармоғи эмас, балки транспорт, меҳмонхона, умумий овқатланиш, савдо, ҳунармандчилик, маданият ва таълим каби ўнлаб соҳаларни ҳаракатга келтирувчи муҳим драйвердир. Иқтисодий самарадорлик изчил ошиб бормоқда. 2025 йилда соҳадан тушган даромад 4,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2026 йил якунида бу кўрсаткич 5,5–6 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати 5,2 кундан 6,5 кунга, бир сайёҳнинг ўртача харажати эса 385 доллардан 450 долларга кўтарилди. Эндиликда асосий вазифа, фақат сайёҳлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг мамлакатда узоқроқ қолиши ва кўпроқ туристик хизматлардан фойдаланишини таъминлашдан иборат.
– Бу борада қандай вазифаларни устувор деб ҳисоблайсиз?
– Биринчи навбатда, туристик инфратузилмани янада такомиллаштириш, халқаро авиақатновларни кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш муҳим. Иккинчидан, маданий мерос объектларини асраш масаласига алоҳида ёндашиш керак. Туристлар оқими қанча кўпайса, тарихий ёдгорликларга тушадиган юклама ҳам шунча ортади. Шунинг учун туризм ривожи ва маданий мерос муҳофазаси бир-бирига зид эмас, балки уйғун жараён бўлиши керак. Учинчидан, Ўзбекистоннинг хавфсиз ва тинч мамлакат сифатидаги имижидан самарали фойдаланиш зарур. “Global Peace Index” каби халқаро рейтинглардаги натижаларни туристик брендингнинг бир қисмига айлантириш мумкин.
ЎзА мухбири
Дилшод ҲАКИМОВ
суҳбатлашди.