Тинчлик – барча динларнинг муҳим тамойили
Жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан жамият ҳаётида бағрикенглик тамойили қарор топиши билан боғлиқ. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида, дунёда мураккаб жараёнлар кечаётган бир шароитда турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим тарихий заруратга айланмоқда.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Тинчлик – дунё динларининг муҳим тамойили” мавзусидаги илмий-амалий конференция айни мазуга бағишланди.
Тадбир турли динларга хос, тинчлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган асосий тамойилларни таҳлил қилиш, дин ва маданиятлар ўртасида мулоқотни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда олиб борилаётган одилона диний бағрикенглик сиёсати, бу борадаги халқаро ташаббусларимиз моҳиятини хорижий ва маҳаллий жамоатчиликка чуқурроқ етказиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Германиянинг Конрад Aденауэр жамғармаси ваколатхонаси ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда олимлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар барча динлар тинчлик, бағрикенглик тамойилларига таянишини таъкидлашди. Ушбу қадриятлар ҳар қандай тинчликпарвар жамиятнинг муҳим асосини ташкил этиши, ўзаро ҳурмат эса бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Маърузачилар фақат самарали мулоқот, кўп томонлама ҳамкорлик, маърифат ва ўзаро ҳурмат орқалигина барқарор тинчликка, ижтимоий ҳамжиҳатликка эришиш мумкинлигини бир овоздан маъқулладилар.
Муҳокамалар жараёнида республикамизнинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамкорлик моделларини фаол жорий этиш тажрибасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу тажриба маданий ва диний хилма-хилликка эга жамиятда ўзаро ҳурматни, ҳамжиҳатликни таъминлашга самарали ёндашув сифатида эътироф этилди. Бугун юртимиз халқаро миқёсда турли миллат ва дин вакиллари ўртасида тинчлик-тотувлик, бағрикенглик, дўстлик сиёсатини илгари сураётган мамлакат сифатида тан олинаётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг дунёда тинчликни сақлаш, турли дин вакиллари ўртасида бағрикенгликни таъминлаш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги ўрни, айниқса, бугунги мураккаб глобал вазиятда яққол намоён бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Конференция якуни бўйича динлараро ва миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш ҳамда маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Ташкилотчилар таклиф этилган экспертлар маърузаларини умумлаштириб, тўплам сифатида нашрдан чиқаришга келишиб олди.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Конрад Aденауэр фондининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат маданий ва илмий алмашинувни ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳалар ва дастурлар орқали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни назарда тутади.

Шунингдек, анжуман иштирокчилари – турли маданият, дин, анъана ва дунёқараш вакилларининг глобал тинчлик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирувини акс эттирган Тинчлик ва ҳамжиҳатлик декларацияси қабул қилинди. Дастур матнида ўзаро ҳурмат ва маданий хилма-хиллик ғояларини илгари суриш механизми сифатида диний мулоқотни мустаҳкамлаш зарурати алоҳида таъкидланган.
Конференция жаҳон динлари замирида мужассам универсал тинчлик, ҳамжиҳатлик қадриятларини илгари суришда мулоқот ва ҳамкорлик нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Соҳада фаолият юритаётган ташкилотлар, мутахассислар ўртасидаги шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, ўзаро тажриба алмашиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА