Тинч юртга байрамлар ярашади
Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!
Айни кунларда бутун борлиққа баҳор нафаси ёйилиб, қир-адиру яйловлар яшилликка буркана бошлади. Йилнинг серёғин бошланиши ҳамма жойга барака улашмоқда. Қийғос гуллаган бодомзорларда боларилар меҳнатга шўнғиб кетган. Майин эсган хут шамоли дову дарахтлар куртакларини қитиқлайди, уйғонишга чорлайди. Борлиқ сепини ёйган келинчак мисол яшаради, тобора янгилана боради...
Қадимдан аждодларимиз баҳор келишини интиқлик билан кутишган, “кўкламга етказганингга шукр” дея, дуолар қилишган. Сумалак, кўк сомса, ҳалим каби таомларни тайёрлаб Наврўз байрамини нишонлашган. Кураш, кўпкари мусобақаларини уюштиришган. Аждодларимизнинг ушбу бой мероси, миллий анъанаю урф-одатлари йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, давом этиб келмоқда.
Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳам Наврўз байрами кенг нишонланмоқда. Хусусан, куни кеча вилоятнинг Касби тумани Хўжа Касби маҳалласида ҳам Наврўз байрами тантаналари ўтказилди.
– Эрта тонгдан ҳамманинг кайфияти аъло. Маҳалламизда Наврўз тантаналарини нишонлаяпмиз, – дейди Дилнавоз Маматхонова. – Байрам билан ҳаммани муборакбод этаман. Ўзим Касби туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаман. Байрам арафасида маҳалладаги беморлар ҳолидан хабар олинди, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар берилди. Ҳаво ҳам жуда ёқимли. Байрамимизда катта кураш мусобақаси ташкил этилмоқда. Қўшни вилоятларга ҳам таклифномалар юборилган. Бу билан ўсиб келаётган ёш авлоднинг спортга бўлган қизиқишини, меҳрини оширяпмиз. Хотин-қизлар ўртасида ҳам шахмат-шашка мусобақалари ташкил этилди. Ушбу байрам элимиз кексаларининг дуоси билан бўляпти. Албатта, бундай тинч кунларимизга кўз тегмасин. Ватанимизда шундай байрамлар кўпаяверсин.
Ироқи дўппилар кийиб олган қизалоқларнинг миллий ўйинларни завқ билан ўйнаши байрам тантаналарига ўзгача фусун бағишлади. Арқон тортиш мусобақаси эса, ёш йигитларнинг шижоатини кўрсатиб берди. Бугун вертуал дунёга тобора чуқур кириб кетаётган ёш авлод орасида “оқ теракми-кўк терак”, “арқон тортиш”, “ланка тепиш”, “ошиқ ўриш” каби миллий ўйинларни оммалаштириш қанчалик аҳамиятли эканлиги уларнинг юз кўзларидан кўриниб турарди.
– Маҳалламизда 4 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди Хўжа Касби маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Фозил Саломов. – Маҳалланинг асосий драйвери сифатида марказга яқин бўлганимиз сабабли хизмат кўрсатиш ва чорвачилик йўналишлари танлаб олинган. Ҳоким ёрдамчиси сифатида асосий эътиборни маҳалладаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратганмиз. Бу бўйича хатлов ўтказилиб, режаларни ишлаб чиққанмиз. Мана бугун Наврўз байрами маҳалламизда илк бор кенг миқёсда нишонланмоқда. Илгари кўча-кўча бўлиб ўтарди. Бу йил бирлашиб, битта қилиб ташкил қилдик. Бундан халқимиз ҳам ҳурсанд. Бирлигимиз ва тинчлигимизга кўз тегмасин.
Оммавий сайил тарзида давом этган байрам тантанасида маҳалла аҳли вақтини чоғ ўтказишди. Миллий либос кийган янги келинларнинг сузилишлари, кенг майдонда завқланиб варрак учираётган болакайлар, эл суйган санъаткорларнинг дилтортар тароналари, барча-барчаси ҳаммага хуш кайфият улашди.
– Тинч элга байрамлар ярашади, – дейди маҳалла фахрийси Тоштемир Омонов. – Бир пайтлар сумалакни ҳам уйда яширинча пишириб еганмиз. Бунақа байрамларнику айтмаса ҳам бўлади. Мустақиллигимиз абадий бўлсин. Мана эмин-эркин яшаяпмиз, байрамлар қилаяпмиз. Биз каби кексаларга ҳам эътибор яхши бўляпти. Мана шундай имкониятлардан фойдаланиб, Ҳаж зиёратига бориб келдим. Ҳеч камимиз йўқ. Доим қўлларимиз дуода.
[gallery-16352]
Таъкидлаш лозимки, Хўжа Касби маҳалласи кейинги йилларда обод масканлардан бирига айланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили маҳалла ҳудудидаги уч километр ички йўлларга шағал тўкилди, икки километрдан ортиқроқ йўлларга асфалт ётқизилди. Бир километр масофада кўчалар бўйлаб кўча чироқлари ўрнатилди. 4 та артизиан қудуғи қазилди. Аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Табиий газ улаб берилди. Жорий йил бошидан шу кунгача “Яшил макон” лойиҳаси доирасида минг тупдан зиёд манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Бу борадаги бунёдкорлик ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилиши мўлжалланмоқда.
Халқимизнинг Наврўз байрамлари албатта кураш мусобақасисиз ўтмайди. Хўжа Касби маҳалласининг Наврўз байрамида ҳам донгдор полвонлар иштирокида катта кураш мусобақаси ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари