Тинч ва осуда ҳаётимиз давом этмоқда
Сурхондарё вилоятида давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар ва саховатпеша инсонлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаб, уларни бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳимоя ниқоби, антисептик воситалар билан таъминламоқда.
Бугун “Матбуот тарқатувчи” масъулияти чекланган жамиятининг вилоят филиали томонидан Термиз шаҳри ва Қизириқ туманидаги 200 та кам таъминланган, қаровчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилаларга гўшт, ёғ, гуруч, совун каби озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж моллари бепул тарқатилди.
Гулираъно маҳалласида яшовчи Г.Чарангиева беш фарзанди билан ёлғиз яшайди. Фақат катта фарзанди мактабни тугатган. Вояга етмаган тўрт фарзандни тарбиялаётган онахон айни пайтда ўзининг доимий иш жойига ҳам эга эмас. Хонадонга бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа бирламчи эҳтиёж моллари топширилгач, онахон қўлини дуога очиб, шундай оғир кунларда ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизга, давлат ва жамоат ташкилотларига, саҳоватпеша инсонларга ташакукур айтиб соғлик-саломатлик, юртимизга тинчлик тилади. Дунё бўйлаб ёйилган бу офатнинг тезроқ чекинишини сўради.

¬Вақтинча ишсизлар руйхатидамиз, – дейди Гулистон маҳалласидаги кўп қаватли арзон уйлардан бирида истиқомат қилаётган Н.Радионова. –Турмуш ўртоғим ва қизим билан бирга яшайман. Жаҳон бўйлаб шундай кулфат ёйилганида биздан ҳол-аҳвол сўраб, ёрдам қўлини чўзаётган, меҳр кўрсатаётган инсонлардан беҳад миннатдормиз. Бундай аҳил ва саховатпешалик бизни турли саросималардан ҳалос этиб, хотиржам яшашимизга кўмаклашмоқда. Бу каби эътибор яқин кунларда яна тинч, осуда ҳаётимиз бошланишига ишончимизни оширмоқда. Биз бундай бағрикенг, обод мамлакатда яшаётганимиздан ҳамиша фаҳрланамиз. Бизни йўқлаб турганларни яратганнинг ўзи паноҳида асрасин.
Вилоятда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар кучайтирилган тартиб асосида амалга оширилмоқда. Бу жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлар, саховатпеша тадбиркорлар, санитария-эпедемиологик осайишталик маркази мутахассислари, тиббиёт ходимлари фаол иштирок этаётир. Вилоят санитария-эпедемиологик осойишталик маркази томонидан ташкил этилган отрядлар Термиз шаҳри ва туманларда корхона, ташкилот ва ижтимоий соҳа объектларини мунтазам дезинфексия қилмоқда. Ҳаракатланаётган транспорт воситалари узлуксиз тозаланиб турибди. Воҳа аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида бугундан эътиборан Термиз шаҳри ва туманларга вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ҳамда Термиз шаҳри ва туманлардан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят шаҳар ва туманларига чиқишда чекловлар ўрнатилди.
Вилоятда хайрия тадбирлари давом этмоқда. Коронавирус инфекциясининг воҳа ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш юзасидан белгилаб олинган вазифалар ижроси қатьий назорат қилинмоқда.