Тилшуносликнинг замонавий йўналишлари
Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Назарий ва амалий тилшунослик кафедраси ташаббуси билан “Тилшуносликнинг замонавий йўналишлари” номли республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов замонавий тилшунослик олдидаги муаммолар, янги тадқиқот методларининг вужудга келаётгани ва бундай илмий изланишларга тажрибали олимлар томонидан ёш изланувчилар жалб қилинаётгани ҳақида фикр билдирди.
Бу борада Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида йўлга қўйилган тизим, талабаларни илмий фаолиятга жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар самара бераётгани таъкидланди.

Aнжуман ялпи мажлисида ўзбек профессорлари Ҳамидулла Дадабоев, Бахтиёр Aбдушукуров, Шоҳида Шаҳобиддинова, туркиялик олимлар Ҳусайн Каба, Сезгин Демир, қозоқ тилшуноси Йерлан Жиенбаев ва кўплаб тилшунослар ўзларининг долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этди.
Конференция назарий тилшунослик, психолингвистика, корпус лингвистикаси, когнитив тилшунослик, тил тарихи, терминология, лингвистик экспертиза сингари шўбъаларда иш олиб борди.

Бундан ташқари ёш тадқиқотчилар томонидан "Ўзбекистонда маркетингнинг миллийлашуви (реклама матнлари мисолида)", "Ўзбек болалар спонтан нутқида сўз туркумларининг ифодаланиши", "Ўзбек болалар нутқида сўз туркумларининг ифодаланиши. От ва феъл нисбати", "Ўзбек оғзаки нутқида қўлланувчи русча сўзлар тадқиқи (ёш гуруҳлари кесимида)" сингари қизиқарли мавзуларда кўргазмали тақдимотлар ўтказилди.
Н.Усмонова,
ЎзА