Тилшунос олимнинг янги асари
Сирдарё вилоят ахборот-кутубхона марказида Гулистон давлат университети “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси профессори, филология фанлари доктори Ихтиёр Эрматовнинг “Давлат тилида иш юритиш” номли ўқув қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир нафақат янги китобнинг тақдимоти, балки давлат тилининг ҳаётдаги ўрни, унинг амалий қўлланилиши ва масъулияти ҳақидаги мулоҳазалар майдонига айланди.
Ихтиёр Эрматов ўзбек тилшунослигида ўз мактабига эга олимлардан бири сифатида танилган. Унинг илмий изланишлари тилнинг назарий қатламларидан тортиб, унинг амалиётдаги қўлланилишигача бўлган кенг кўламли масалаларни қамраб олади. “Ҳозирги ўзбек адабий тили”, “Ўзбек тилшунослиги терминологияси”, “Сирдарё вилояти топонимларининг изоҳли луғати” каби қатор фундаментал ишлар унинг илмий салоҳиятидан далолат беради.

Янги “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси эса бу изланишларнинг мантиқий давоми сифатида майдонга чиқди. Унда давлат тилида ҳужжат юритишнинг нафақат шаклий жиҳатлари, балки унинг илмий-амалий асослари, замонавий талабларга мос ёндашувлар ҳам кенг таҳлил қилинган. Мутахассислар таъкидлашича, бу қўлланма аввалги нашрлардан фарқли равишда назария ва амалиётни уйғунлаштиргани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан ГулДУ “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси докторанти Фаррух Муҳидиллаев, шу кафедра ўқитувчилари Зулайҳо Тўйчиева ва Шоҳруҳ Рўзиқулов, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири Муҳаммадали Аҳмад, шунингдек, ўзбек филологияси факультети талабалари Машҳура Иброҳимова ва Исломжон Раҳмоновлар “Давлат тилида иш юритиш” ўқув қўлланмасининг илмий-услубий ютуқлари ҳақида фикр билдирдилар.

Таъкидланганидек, аввал ҳам ушбу мавзуга оид қўлланмалар нашр этилган бўлиб, уларда асосан турли ҳужжат намуналарини келтириш билан чекланилган. Янги ўқув қўлланма эса бу жиҳатдан сезиларли фарқ қилади — унда давлат тилида иш юритишнинг назарий асослари билан бир қаторда, унинг илмий-амалий жиҳатлари кенг ва тизимли равишда ёритиб берилган. Муҳими, мазкур асар давлат тилида иш юритиш фанини чуқурроқ ўзлаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тадбирдаги энг самимий лаҳзалардан бири Қирғизистондан ташриф буюрган Орзигул Эрматованинг сўзлари бўлди. У укаси ҳақида гапирар экан, унинг болаликдан китобга меҳри, изланишга бўлган интилиши бугунги илмий ютуқларининг пойдевори эканини таъкидлади.

Тақдимот якунида Ихтиёр Эрматов ёшларга қарата қилган мурожаатида бир ҳақиқатни алоҳида урғулаб ўтди:
– Тил — бу фақат мулоқот воситаси эмас, балки миллатнинг руҳи. У барҳаёт экан — миллат ҳам барҳаёт.
Тадбир доирасида ахборот-кутубхона марказида олимнинг илмий асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, муаллиф янги нашр этилган китобларидан бир неча нусхани кутубхона фондига совға қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири