Тилини асраган – элини асрайди
21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам “Тилини асраган – элини асрайди” мавзуида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Ҳотамов, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзолари, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бир қатор соҳавий хизмат вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ўзбек тилига кўрсатилаётган эътибор ва кундалик ҳаётимизда ундан тўғри фойдаланишимиз кераклиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Она тилимизнинг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи, жамиятимиздаги беқиёс ўрни ва тараққиёти ҳақида маърузалар тингланди. Ўзбек тили гўзал ва жуда бой тил бўлиб, уни ҳурмат қилиш ва сақлаб қолиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбир давомида истеъфодаги полковник Абдуғаффор Саттаров ва журналист Садриддин Шамсидиновларнинг ҳаммуаллифлигида ёзилган ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ҳаёти ҳақидаги “Бир умрлик жасорат” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
– Тил бизнинг беназир бойлигимиз, халқимизнинг урф-одати, унинг турмуш тарзи, маданияти ва тарихини намоён қилувчи асосий муомала воситасидир, – деди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Тўлаган Абдуллаев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори ушбу қутлуғ сана юртдошларимиз ўртасида янада байрамона нишонланишига сабаб бўлди. Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар, ўзбек тилимизнинг янада тараққий топиши, ёш авлоднинг тилимизни пухта ўрганишга бўлган масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, ташриф буюрганлар ўзларини қизиқтирган адабиётларни харид қилди.