Тилимиз тараққиётига таҳдид
Турли миллат ва элатларни фарқловчи асосий белгилардан бири тил саналади.
Она тилим – олтин сандиғим
Турли миллат ва элатларни фарқловчи асосий белгилардан бири тил саналади. Тилини йўқотган халқ миллат сифатида ҳам йўқликка маҳкумдир.
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир видеоролик кенг тарқалди. Унга кўра, бир қозоқ йигити қишлоқдан шаҳарга – меҳмонхонада турган дўстининг олдига келади ва меҳмонхона хизматчиси бўлган қизга дўстини чақириб беришни қозоқ тилида сўрайди. Аммо қиз қозоқчани тушунмайди, йигитга фақат русча ёки инглизча мурожаат қилишини айтади. Йигит ўз юртида она тилини билмаган, тушунмаган ватандошидан хафа бўлиб, навбатни ўзидан кейинги турган ҳабашга беради.
Йигит ва қиз ўртасида бўлаётган тушунмовчиликни кузатиб турган ҳабаш қозоқ қизи билан инглиз тилида нималарнидир гаплашади ва орқасида мулзам бўлиб турган ҳалиги йигитга қараб, қозоқ тилида “Мен сенинг гапингни қизга айтдим, ҳозир дўстингни чақириб беради”, дейди. Шунда йигит ҳабашга қозоқчалаб “Сиз қозоқчани биласизми?” деб ўзининг ташаккурини изҳор этади.
Қизиқ ҳолат-а, бир миллатга мансуб икки фуқаро ўртасида мутлақо бошқа бир миллат вакили тилмочлик қилса... Гарчи бу ролик бўлса-да, унда жуда катта ҳаётий маъно бор. Аслида ҳам шундай бўлмоқда.
Бир пайтлар жадид адабиётининг буюк вакилларидан бири Абдурауф Фитрат “тилимиз бой, аммо бахтсиздир” деганида ҳақ эди. Афсуски, бу ибора она тилимизнинг бугунги тақдири учун ҳам мосдек. Тўғри, мустақиллик йилларида тилимизни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган кўплаб тадқиқотлар яратилди. Бироқ тил тараққиёти фақат илмий тадқиқотларга боғлиқ эмас, балки унинг ривожида шу тилда сўзлаётган, шу тилда ёзаётган сиз-у бизнинг ҳам ҳиссамиз бор. Хўш, шундай экан, бугун “Давлат тили ҳақида"ги қонун талабларига қанчалик риоя этаяпмиз? Ҳар куни кўчада кўрадиганимиз – турли эълонлар, реклама баннерлари, транспорт воситаларидаги манзил кўрсаткичлари, бинолар пештоқидаги, идора ва ташкилотлар муҳрларидаги ёзувлар имло қоидаларига қай даражада мос? Айниқса, радио ва телевидениеда бошловчилик қилаётган журналистларнинг нутқий кўникмаси тилимиз қонуниятларига нечоғлик мос келаяпти? Қолаверса, ўз теледастурларини “Megapolic”, “Real xit”, “Reality shou”, “The cover up”, “Bojalar community”, “My atel'ye”, “Muzqaymoq party”, “Smile party”, “Sketch shou”, “Bumirang” деган ажнабий номлар билан аташдан кўзланган мақсад нима? Бугун ижтимоий тармоқларда ўз фикрини баён этаётганлар тил қоидаларига қанчалик амал қилишмоқда?.. Хонандаларимиз томонидан ижро этилаётган қўшиқлар матни-чи?
Рости, булар ҳақида ўйлар эканмиз, барчамизнинг ўз фикримиз ва кузатишларимиз борлиги аниқ. Аммо комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу борадаги кузатишларимиз кўпам ижобий эмас. Хўш, нега шундай? Аслида, миллатнинг мавжудлиги аввало, унинг тилида намоён бўлади. Зотан, тил миллатнинг дунёни билиш, англаш, туйиш воситасидир. Минг йиллар давомида сайқалланган ўзбек тили имкониятлари дунёдаги ҳеч бир тилдан кам эмас. Бироқ она тилимизнинг кўрки, чиройи, жозибали ифода имкониятларини пўлат зирҳдай бетаъсир, деб бўлмайди. Бошқача айтганда, турли салбий омиллар унинг бетакрорлигига дахл қилиб, мавқеига путур етказиши турган гап.
Бундай иллатлар бугун кичкина кўринса-да, уларга бепарво қараш келажакда битмас маънавий жароҳатлар келтириб чиқариши мумкин. Такрор айтамиз, тил софлигини таъминлаш, унинг қоидаларига оғишмай амал қилиш ҳар бир юртдошимизнинг ҳам қонуний, ҳам маънавий бурчи саналади.
Хўш, бугун бу бурчга қай даражада содиқмиз? Маънавиятимиз кўзгуси бўлган она тилимиз софлигига нечоғлик эътибор қилаяпмиз? Унинг бой имкониятларидан тўғри ва ўринли фойдаланаяпмизми? Менимча йўқ. Агар мавзуга илмий нуқтаи назардан ёндашилса, бугун она тилимиз кўркига доғ тушираётган иллатларни шартли равишда қуйидагича гуруҳлаш мумкин:
– сўзларни нотўғри ёзиш билан боғлиқ орфографик хатоликлар;
– сўзларни ўринсиз қўллаш, нотўғри таржима қилишдан иборат услубий ғализликлар;
– мантиққа номувофиқ ифодалар (мантиқий чалкашликлар);
– тиниш белгиларини қўллаш билан боғлиқ нуқсонлар, яъни пунктуацион хатоликлар.
Ўрганишларга кўра, тилимизда кўп учрайдиган хатоликлар кўча ёзувлари, пешлавҳалар, реклама ва эълонлар, ахборот материаллари ва безакларда “ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ” ҳарфлари ўрнида “у”, “к”, “г”, “х” ҳарфларини қўллаш тарзида намоён бўлмоқда. Бундай хатоликларнинг аксарияти эса лотин ёзувидаги ўзбек алифбосида битилган сўзлар билан боғлиқ. Хато ва мантиқсиз бирикмалар ёзилган пешлавҳаларнинг жамоат жойларида, турли муассаса-ташкилотлар биносининг пештоқи ёки бошқа кўзга ташланадиган жойларда туриши ҳар қандай маърифатли киши кўнглига озор етказиши, шубҳасиз. Маънавиятимизни эъзозлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ўрнига кўпроқ моддиятни ўйлаётган, тўғрироғи, қандай қилиб бўлса-да, пул топишни мақсад қилган айрим уддабуронларда, наҳотки, оз бўлса-да, миллий ғурур, тилга меҳр бўлмаса?! Энг ачинарлиси, бугун бундай билимсизлик ва эътиборсизлик туфайли тил билан боғлиқ хатоликларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Ўйлаб қоласан киши: “Давлат тили ҳақида”ги қонунда давлат тили расмий амал қиладиган доираларда адабий тил қоидалари ва меъёрларига риоя этилиши аниқ белгилаб қўйилган бўлса-ю, айримлар бу қоидани назар-писанд этмаса, бунинг учун уларни жавобгарликка тортувчи идоралар йўқми? Наҳотки, давлат тили масаласи ҳеч бир ташкилот зиммасига алоҳида масъулият юкламаса? Ўйлаймизки, бу борада Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида яқинда ташкил этилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти аниқ чора-тадбирларни амалга оширади.
Бугун тилимизда учраётган хатолар ичида услубий хатоликлар, яъни сўзларнинг нотўғри ва ноўрин ишлатилиши, сўз тартиби қоидаларига риоя қилмаслик, русча сўзларни лотин ёзувида ёзиш, пешлавҳалардаги мантиқсиз, тушунарсиз номлар ва уларнинг дарахтлар, симёғочларга ноўрин осилиши, жамоат транспортида йўналиш ва манзиллар ёзилишидаги хатоликларни кўплаб учратиш мумкин. Бундай салбий ҳолатлар она тилимизга, унга давлат тили ҳуқуқий мақомини берган қонунга нисбатан ҳурматсизлик эмасми?!
Яна бир жиҳат, иқтисодчилар орасида “Реклама – бизнеснинг асоси” деган таъриф юради. Дарҳақиқат, ишлаб чиқарилган маҳсулот, тақдим этилаётган хизматнинг харидор назарига тушишида рекламанинг ўрни беқиёс. Юртимиз ишбилармонлари томонидан рекламага катта эътибор берилаётгани ҳам бежиз эмас. Бугун кўчаларимизни безаб турган улкан бильбордлар, афишалар фикримиз далилидир. Бироқ уларнинг матни она тилимиз қоидаларига қанчалик мос? Бозору кўчаларимизни тўлдирган шиорлар, реклама ва эълонлар матнини нуқсондан холи дея оламизми? Афсуски, йўқ. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг йигирманчи моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” дея қатъий белгилаб қўйилган. Аммо лавҳалар, эълонлар, нархномалар ҳамма жойда ҳам ушбу талабга мос тарзда расмийлаштирилаяпти, деб бўлмайди. Назаримда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қошида фаолият кўрсатувчи Реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссиялар ташқи ахборот воситаларининг мазмуни, ахлоқ-одоб воситаларига мослиги, тил меъёрларига амал қилингани юзасидан мунтазам мониторинг юритади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Реклама-ахборот фаолияти бўйича комиссия маълумотларига кўра, пойтахтимиз кўчаларида жойлаштирилган тижорат рекламаларининг давлат тилидагиси фақат 25,5 фоизни, давлат тили ва бошқа тиллар аралаш қўлланилгани 57,7 фоизни, фақат савдо белгиси акс этган рекламалар эса 8,3 фоизни ташкил этади. “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига биноан, “Муайян шахс эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида, бинога кириш жойида шу шахс тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур шахснинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама деб ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди”. Бугун шаҳримиздаги хато рекламаларнинг асосий қисми ана шундай – реклама саналмайдиган пешлавҳаларда учраётгани кишини ўйлантиради. Демак, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳририда ушбу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш лозим кўринади. Ёзувлардаги хатоликларни илғай оладиган киши-ку, майли, нуқсонни ўзи тўғрилаб ўқиши мумкин. Бироқ у ёш, ҳали имло қоидаларини тўла ўзлаштирмаган бўлса-чи? Масаланинг энг оғриқли жиҳати ҳам шу. Зеро, тилимизга бўлган беписанд муносабат ёш авлоднинг маънавий оламига салбий таъсир кўрсатиши тайин.
Яна бир жиҳат, бугун юртимизда жамоат транспорти фаолияти самарали йўлга қўйилган. Йўналишли таксиларнинг узоғимизни яқин қилаётганидан ҳаммамиз мамнунмиз. Бироқ бундай автотранспорт воситаларидаги йўналишлар, мўлжаллар номи, турли эълонлар ва огоҳлантирувчи ёзувларнинг саводхонлик қоидаларига мутлақо жавоб бермаслиги киши таъбини хира қилади. Кун давомида битта жамоат транспорти хизматидан минглаб киши фойдаланишини эътиборга оладиган бўлсак, хато ёзув зарарининг кўлами ҳам кенгайиб боришини тасаввур қилиш қийин эмас. Бугун “Олой” бозорининг “Алайский”, “Фарҳод” бозорининг “Фархадский”, Жанубий вокзалнинг “Южный вокзал”, Шимолий вокзалнинг “Северный вокзал” тарзида хато ёзилиши худди одамнинг исмини нотўғри аташдек нохуш ҳолатдир. Қолаверса, бу “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 22-моддасига ҳам зид. Энг ачинарлиси, катталарнинг лоқайдлиги, бепарволиги, беқунтлиги оқибати бўлган бу хатолар жабрини теварак-атрофига янгилик қидириб қарайдиган болалар ҳам тортади. Дарслигида “Фарҳод” деб ёзилгани ҳолда автобусда, трамвайда, йўналишли таксиларда “Фархадский” сўзига дуч келган ўқувчи қай бирини тўғри деб танлайди?
Миллат кўзгуси бўлган тилимизга беписанд муносабатнинг яна бир кўриниши жой номлари, бино ва иншоотларга билиб-билмасдан маъно-мантиқдан холи номлар қўйиш тарзида намоён бўлмоқда. Албатта, ном қўйиш ҳар кимнинг шахсий иши, ўз виждонига ҳавола. Бироқ сиз танлаётган сўз ҳамманинг эътиборига тақдим этилишини инобатга олсак, бу борада ҳам бепарволикка йўл қўйиб бўлмаслиги аёнлашади. Қолаверса, “Реклама тўғрисида”ги қонунда ҳам бу борада меъёрий қоидалар мавжуд. Бугун маҳсулотини ўзбекча номлаётган, чиройли, замонавий бинолари пештоқига ўзбекча ном ёзиб қўяётган кишилар саъй-ҳаракати ҳар қанча олқишга муносиб. Бироқ ҳаммани ҳам бу борада ибратга лойиқ ишлар қиляпти, дейиш қийин. Масалан, ишлаб чиқараётган маҳсулотини “Пацание семки”, “Криешки”, “Тип-топ”, ресторанини “Дракон”, “Troyka”, “Версал”, “Наполеон, “ХХХ”, “Цар”, “Империал”, маиший хизмат кўрсатиш муассасасини “GAF”, “LEADER”, “Carucel”, “Blinoff”, “Bistro”, дўконини “NAF-NAF”, “Вай-фай”, “Korzinka.uz” каби номлар билан атаётган инсонларга қандай баҳо бериш мумкин? Бундай номларни кўрган киши ўзига шундай саволлар бериши табиий: “Бу иморатлар Ўзбекистондами ёки бирор хорижий ўлкада? Шу қадар ажнабий от танлашдан асл муддао нима ўзи? Бундай сўзлар маънавий қадриятларимизга, хусусан, миллатимиз рамзи бўлган ўзбек тили қонуниятларига қанчалик мос? Бу каби номларни танлаётган инсонларда миллий ғурур, она тилимизга ҳурмат деган туйғу наҳотки бўлмаса?”.
Хўш, тилимиз кўркига доғ тушираётган бундай хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш учун нима қилмоқ лозим? Турли реклама ва эълонлар кўчаларимиз чиройига путур етказадиган эмас, аксинча, янада кўркамлаштиришга хизмат қилиши учун ишни нимадан бошлаган маъқул? Албатта, ҳеч қандай муаммо ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Шу маънода ҳаётимизда тилимизнинг чиройига доғ бўлиб тушаётган айрим камчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар ҳам борки, уларни аниқлаштирмасдан туриб, нуқсонларни бартараф этмоққа уриниш худди ташхис қўймасдан беморни тузатмоққа уринишга ўхшайди.
Хўш, тилимизда учраётган камчиликлар қаердан пайдо бўлмоқда: оиладами, маҳалла-кўйдами, мактабдами ёки олий ўқув юртида?
Бир сўз билан айтганда, бугун замон ўзгарди. Ўзбекистон янги ўн йилликка қадам қўйди. Бугун барча соҳалар қатори тилимиз ривожи ва унинг тараққиёти ҳақида ҳам жиддий мулоҳаза қилиш пайти етди. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Дастлаб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори, сўнг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, қолаверса, она тилимизга Давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги Халқаро Конгресс марказида илк давлат тадбири ўтказилгани, унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев она тилимизнинг нуфузини янада оширишга доир қатор таклифларни айтгани ва вазифалар белгилаб бергани, бундан буён 21 октябрь мамлакатимизда она тили байрами сифатида кенг нишонланиши, буларнинг бари айтиш мумкинки, давлатимиз томонидан она тилимиз – ўзбек тилига ҳурмат ва эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Демак, ҳуқуқий асос мустаҳкам, энди фақат унга амал қилиш қолди. Бугун ҳар бир шахс “Давлат тили ҳақида”ги қонунга тўла риоя қилиши шарт.
Биз бугун она тилимиз софлигига соя солаётган, бой тилимизни бахтсиз қилаётган иллатларнинг айримларинигина тилга олдик, холос. Аслини олганда эса бундай хато ва камчиликлар турмушимизда анчагина томир отган. Юқорида сўз юритилган мавзу, эслаб ўтилган мисоллар ҳам ҳар биримизга бирдай тааллуқлидир. Ҳаётда эришаётган ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асл манбаси саботу иродамиз, азму шижоатимиз бўлгани сингари, нуқсонлар сабабини ҳам табиатимиздаги бепарволик, лоқайдлик, нописандлик, манманлик каби қусурлардан изламоқ даркор. Бизга беминнат хизмат қилувчи она тилимиз ривожига тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этишда ҳам холис бўлсак, жонкуярлик кўрсатсак, ҳамжиҳатлик билан иш тутсак, эзгу мақсадларимизга эришишимиз муқаррардир.
Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
“O‘zbekiston” телерадиоканали бош муҳаррири,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.