Тилимиз ҳам, динимиз ҳам, мақсадимиз бир элмиз
Қорақалпоқ эли азалдан марду тантилиги, меҳмондўстлиги билан танилган. Бу заминда кўплаб донишмандлар етишиб чиққан.
Улар қорақалпоқ ва ўзбек халқининг тарихий бирлигига хизмат қилиб, ҳар қандай вазиятда чуқур мулоҳаза билан иш кўришга ундаган.
Орадан неча минг йиллар ўтди, лекин бирон марта ўзбек ва қорақалпоқ эли сену менга борган эмас. Ҳамиша, оғир кунда ҳам, синовлар даврида ҳам бир майизни бўлиб еган, борига қаноат, йўғига сабр қилган.
Аллоҳга шукрки, бу анъана ҳамон бардавом. Лекин ана шу меҳрибонлик муҳитини, тинчлигимиз қадрини, оғизбирчилигимизни кўролмайдиган ғаламислар ҳам бор экан. Тақдир синовини қарангки, улар орамизга рахна солмоқчи, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондаги халқчил ўзгаришларни ёмоқ талқин қилмоқчи бўлди.
Содир бўлган воқеалар ҳар биримизни ҳушёр бўлишга, ҳар доимгидан ҳам ҳамжиҳатликка чорлайди. Зеро, оқкўнгил, бағрикенг халқлармиз, ўзбек ва қорақалпоқ тақдири бир. Биз бугун шундай замонда яшаяпмизки, унда ҳар бир фикрни ўйлаб, ҳаракатларимизни минг ўлчамда тобламасак, кичик хато ҳам катта кўнгилсизликларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас экан.
Замона зайлини қаранг. Бугун Қорақалпоғистонда катта ўзгаришлар гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир оилада фаровонлик, ободлик манзаралари кўзни қувнатади.
Мўйноқми, Бўзатовми ё бошқа туман ёки овул бўлсин, қай бирига борманг, тарихий ўзгаришларга, турмушимиз яхшиланганига кўзимиз тушади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қорақалпоқ элига алоҳида меҳри туфайли, қолаверса, қорақалпоқ халқининг қизғин қўллаб-қувватлови, фаровон ҳаётга бўлган интилиши ҳурмати бу заминда янги ҳаёт ҳукм сура бошлади. Биргина Оролбўйидаги янгиланишларни айтинг. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун махсус давлат дастури ишлаб чиқилди. Орол денгизи фожиаси тарихда илк бор БМТ минбарида кўтарилди. Дунё ҳамжамияти нигоҳи Қорақалпоғистонга қаратилди.
Денгиз суви чекинган саҳродаги минглаб гектар майдонда яшил ўрмон пайдо бўлди. Бунинг учун нафақат мўйноқлик ёки қорақалпоғистонликлар, балки бошқа вилоятлардан келган миллионлаб юртдошларимиз ўз ҳиссасини қўшди. Катта иш бўлди, бу ўзбек ва қорақалпоқ халқи тўйи бўлди. Президентимиз бош-қош бўлган бу иш халқимизни янада жипслаштирди. Агар биз бир бўлсак, ҳар қандай ишга қодир эканимизни намоён этдик. Ҳа, бирликда, аҳилликда, кенгашиб иш кўришда гап кўп, ҳикмат кўп.
Бу ҳали бошланиши, холос. Бугун янги даврга қадам қўйдик. Тараққиётимизнинг иккинчи босқичи бошланди. Олдимизда катта мақсадлар турибди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, бу эл одамлари ҳаётини янада фаровон қилиш мақсади мужассам.
Шундай экан, замину замонда бир бўлиб яшаётган халқимиз орасига ҳеч ким рахна сололмайди.
Куни кеча Президентимиз зўр гапни айтди. “Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир”.
Биз бир дарёдан сув ичамиз, тўйимиз бир, маъракамиз бир. Қуда-андамиз, дўстмиз, оға-ини, опа-сингилмиз. Шу сабаб ҳам бирон нохуш воқеа бўлса, ҳаммамиз бирдек эзиламиз, дарҳол кўмакка шошамиз. Кечаги воқеалардан, ташқи қутқулардан ҳам ғоят оғриндик. Ҳаёт шунақа, яхши-ёмон, бахтли-қайғули кунлардан иборат. Аллоҳга шукрки, донишманд элимиз ёмонлар, ғаламислар таъсирига тушиб қолмади. Ҳаммаси изига тушди.
Бугун эса ҳар доимгидек биргамиз. Тараққиёт йўлидамиз. Бу бизга ўзимиз учун ҳам, фарзандларимиз келажаги учун ҳам, Ватанимиз буюк бўлиши учун сув ва ҳаводек зарур эътиқод. Шу эътиқод мустаҳкам ва абадий бўлишини Яратганнинг ўзидан сўраб қоламиз. Оқибатимиз, меҳримиз ва аҳиллигимизга кўз тегмасин
Шавкат МИРЗАҚУЛОВ,
ЎзДЖТСУ Миллий кураш турлари назарияси
ва услубияти кафeдраси мудири.
ЎзА