Тилга муҳаббат – ватанга муҳаббат
Бу байрамни фақат ўзбекистонликларгина эмас, ер юзининг турли минтақаларида ўзбек тилида сўзлашувчи 50 миллиондан ортиқ аҳоли, барча қардошларимиз ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олди.
Муносабат
21 октябрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбек тили байрами кенг нишонланди.
Бу байрамни фақат ўзбекистонликларгина эмас, ер юзининг турли минтақаларида ўзбек тилида сўзлашувчи 50 миллиондан ортиқ аҳоли, барча қардошларимиз ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олди. Мана шундай қувончли кунларда Президентимизнинг халқимизга байрам табриги ҳамда 20 октябрда қабул қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қалбларимизни янада ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Беихтиёр ўз уйимиз, ўз Ватанимизда тилимизни тишлаб юрган кунларимиз хаёлимиздан бир-бир ўта бошлади.
Шундай фараҳбахш кунлари мен дилбар ва маърифатпарвар шоир Аъзам Ўктам таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Андижон давлат университетида ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманга тайёргарлик кўраётган, китобларини қайта-қайта варақлаётган эдим. Мана шундай ҳолатда шоирнинг тилимизга ҳам, динимизга ҳам эркинлик берилмаган, ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий шароит – 1986 йили ёзилган “Англаганим” номли шеърини қайтадан англагандай бўлдим:
Бўлса бепарвою тинч,
Кўнса ёлғонларга жим –
Қалқон, ғилофсиз бир қилич –
Қаламни қўлга олмасдим.
Кўрдим, эшитдим-ку барин,
Жим туролмайман ахир.
Бир-бир айтай ҳасратларим,
Аламсизлар – қаламсиздир.
Бу сатрларнинг мағзини ўша даврларда яшаган, ўз юртида ўз тилида гаплашолмаслик нима эканлигини бошларидан кечирганларгина чуқур тушунади, юрак-юрагидан ҳис этади:
Неча йил тишлаб тилимни,
Сўз демай юрдим-да жим.
Сўнг таниб қолдим элимни,
Бирдан ўзимни англадим...
Ҳа, тилни, элни англаш ўзликни англаш деганидир. Зеро, суҳбатдошининг тилини билмаган одам унинг қалбига киролмайди. Бирор-бир мамлакатнинг ўзига хос томонларини билиш учун ҳам энг аввало унинг тилини билиш керак. Фармонда бу мавзуга алоқадор кенг қамровли масалалар, айниқса, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасаларида, хорижий давлатларда ўзбек тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, шу аснода давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини оширишга алоқадор муаммолар ечими аниқ кўрсатиб қўйилган.
Шунингдек, мамлакатимиз аҳолиси ўртасида тилимиз софлигини сақлаш, нутқ маданиятини ошириш мақсадида турли луғатлар нашр эттириш, телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитишни жорий этиш, 2021 йил 1 январдан бошлаб марказий телерадиоканалларда тилимиз, нутқимиз имкониятлари, гўзалликларини тарғиб этувчи қатор туркум кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил қилиб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилишини таъминлаш каби ишлар ҳам она тилимизни мавқеини оширишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида айтилган қуйидаги жумлалар ҳаммамизнинг қалбларимизда турган фикрлар ифодасидир: “Шу маънода, Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади, десак, янглишмаган бўламиз.”
Сиддиқжон МЎМИНОВ,
Фарғона давлат университети
профессори, филология фанлари доктори.