Тилга эътибор ўзимизга эътибордан бошланади
Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада муҳим ўзгариш, янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ҳам ушбу йўналишда жадал ислоҳотлар йўлга қўйилиб, тизимда ҳужжат алмашинув ишлари тўлиқ давлат тилида олиб борилаяпти.
Вазирликка қарашли барча ҳудудий бош бошқарма ва ташкилотларнинг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалар, интернет сайтларида ҳам давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланмоқда.

Вазирлик кўпгина ҳалқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ташқи миграция агентликлари билан бевосита ҳамкорликда фаолият кўрсатиши боис бу йўналишлардаги ишлар халқаро меъёрларда белгиланган тартиб асосида олиб борилиши йўлга қўйилган.
Вазирлик ходимлари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг малакали мутахассислари томонидан билим ва кўникмаларини оширди. Бу давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва жорий йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида малакасини оширган ходимларга сертификатлар топширилди. Ходимларнинг фаолияти давомида давлат тилида иш юритиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга муносиб ҳисса қўшган устозлар ҳам рағбатлантирилди.
Давлат тилида иш юритиш муҳим сиёсий жараён, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.
ЎзА.