Тил – миллат кўзгуси
Президентимиз ташаббуси билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши истиқлолга эришиш йўлидаги асосий қадамлардан бири бўлган эди. Юртимиз мустақил бўлгач, она тилимиз ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Бугунга келиб ўзбек тилимиз халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Халқаро анжуманларда ўзбекона каломнинг айтилиши, чет элдаги таълим даргоҳларида ўзбек тилини ўрганиш марказларининг борлиги тилимизнинг нуфузи ошиб бораётганидан далолат.
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирни Қори Ниёзий номидаги ТПМИ директори тил байрамига аталган нутқи билан очиб берди. Сўнг, Аваз Ўтарнинг “Тил” ғазали асосида мумтоз қўшиқ янгради. Тадбирда докторантлар ўзбек тилининг тарихи ва бугунга қадар босиб ўтган йўли ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб ўтишди.
Жумладан, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асаридаги луғат тили, яъни эски ўзбек тилининг лексик бойлиги, грамматик қурилиши ҳақида қимматли маълумотлар берилди. Тадбир қатнашчилари иштирокида “Нутқимиз кўрки” мавзусида мақоллар беллашуви бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар тилга оид қизиқарли мақоллардан бир нечтасини келтириб ўтишди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборли.
Шу маънода, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Реннесанс даври пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Хулоса қилиб айтганда, она тили миллатнинг руҳи, борлигимиз ва бирлигимиз, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади. Бу каби маърифий тадбирлар ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА