Филология фанлари доктори ўзбек тилини мил.ав. III асрдан ҳам қадимийроқ, деган тарихий далилни илгари сурмоқда
Қадимги туркий тил заминида ётган ўзбек тилининг милоддан олдинги III асрдан ҳам илгарироқ шакллангани ишончли, айни пайтда муҳим тарихий далил сифатида эътироф этилиши керак...
Қадимги туркий тил заминида ётган ўзбек тилининг милоддан олдинги III асрдан ҳам илгарироқ шакллангани ишончли, айни пайтда муҳим тарихий далил сифатида эътироф этилиши керак...
Давлат тили тўғрисидаги Қонун қабул қилингандан кейин ўтган 30 йил давомида маълум ишлар амалга оширилганини эътироф этишимиз керак. Муҳтарам Президентимизнинг яқиндагина чиқарган қарори шу пайтгача Давлат тили тўғрисида амалга оширган ишларимизнинг умумий мундарижасидир. Ўтган 30 йил давомида ўзбек тилига муносабат ўзгарди. Биринчи навбатда, тил Она Ватан каби муқаддас эканини англаб етдик, моддий бойликлар она тилига тенг кела олмаслигини тушундик. Зотан, инсоният ниманики муқаддас деб билган бўлса, ўша нарсаларни асраб-авайлайди, доғ туширмасликка ҳаракат қилади, ҳимоя қилади. ХVI асрда яшаган француз шоири Дю Белленинг: “Она тилини ҳимоя қилиш ватанни ҳимоя қилиш билан баробардир” деган гапи ҳақ экани ХХ аср охири ва ХХI аср бошида ўзбек халқи ҳаётида ҳам ўз ифодасини топди.
Ҳамма даврларда ҳам Давлат тили ёки расмий тил –эҳтиёж ҳосиласи, давлат ва халқни якдилликка олиб борадиган асосий восита бўлгани тайин. Айни пайтда давлат тили мазкур давлат доирасида сиёсий, ижтимоий ва маданий қатламни бирлаштириш вазифасини бажарадиган тил эканини ҳам эътироф этамиз. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг давлат тили, ҳар қандай мамлакатнинг давлат тили фаолиятида бўлгани сингари, давлатнинг битта рамзи бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Гарчи аччиқ бўлса ҳам айтиш керакки, давлат тили тўғрисидаги Қонун, назаримизда, мавсумий характерга эга бўлиб қолаётгандай. Ўттиз йилдан бери октябрь ойида Давлат тили тўғрисидаги Қонун қабул қилинган санани нишонлаймиз. Шу билан тантаналар ҳам тугайди. Янаги йилгача тил борасида сукунат. Қонун моддалари бажарилишига танқидий муносабат ҳам, Қонундан хулоса чиқариш ҳам етишмайди. Аслида ўттиз йил ўтгандан кейин ҳам “давлат тили тўғрисидаги қонуннинг мана бу моддаси бажарилмади, мана буниси чала бажарилган” деб айтишимиз кўпам ўринли бўлавермайди. Қонун бажарилиши шарт. Шу билан бирга, Қонун она тилимиз юзасидан катта ишларни амалга оширишга туртки бериши лозим.
Қонуннинг бажарилишига ҳамма муассасалар ва ташкилотлар ҳам риоя қилавермайдилар. Айниқса, фармацевтика соҳасида анча бепарволик кузатилади. Давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг Янги таҳрири 21-моддаси қуйидагича: “Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади”. Аммо дори воситаларидан фойдаланиш ҳақидаги йўриқномаларнинг ҳаммасида ҳам мазкур моддага риоя қилинаётгани йўқ. Баъзилари давлат тилига таржима қилинмайди. Таржима қилинганларининг ўзбекчасини тушуниб бўлмайди ва бунинг оқибатида русча йўриқномага қарашга мажбурмиз.
Бундайэътиборсизлик, эҳтимол, бошқа ташкилот ва муассасаларнинг фаолиятида ҳам кузатилиши мумкиндир. Биз келтирган мисол оддий, ҳеч қандай муаммоларни, баҳоналарни рўкач қилмасдан бажариладиган кундалик иш.
Давлат тили тўғрисидаги Қонун моддаларидан келиб чиқадиган муҳим хулосаларнинг бири шуки, навбатдаги вазифа ўзбек тилининг тарихий тараққиётига доир пухта илмий тадқиқотлар яратишдан иборатдир. Зотан, ўзбек тилининг ўтмиши, бугуни ва келажаги бизга кўп нарсалардан сабоқ беради. Тилимизнинг илдизи бақувват эканидан ўтмиш тарих далолат беради ва бундан қувонамиз. Бу фикримизга биринчи далил ёзув ва ундан кейин халқнинг этник жараёнидаги узлуксизликдир. Бизнинг бу фикримизга тарихчилар қўшилмаслиги ҳам мумкин. Биз учун ўзбек халқи этногенезининг далиллари рўйхатида биринчи бўлиб ёзув ва тил туради. Ёзувга алоҳида эътибор беришимизга сабаб шуки, унинг остида шу халқнинг тили яшайди. Бу қараш бизда бирданига пайдо бўлмаган, балки бир неча ўн йиллар давомида қадимги туркий ёзувлар билан шуғулланишимиз маҳсули сифатида юзага келган.Этногенез ва этник тарихнинг муҳим қуроли ва асоси ёзувдир. Биз ўзбек тилининг тарихий илдизлари ҳақида сўз юритар эканмиз, турли қарашлар ва муносабатлардан кўра манбалар муҳим омил эканини ҳар доим назарда тутамиз. Ўзбек тилининг тарихий илдизлари учун манба – қадимги туркий тилдаги ёзма ёдгорликлардир. Ўзбек халқининг этник жараёни ва ўзбек тилининг тарихий манзарасини мазкур ёзма ёдгорликлар ўзида тўлиқ ифодалашини ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкин. Бу ўринда бир муҳим расмий маълумотни такрорлашни ўринли деб биламиз: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида 2016 йил 13 майда чиққан фармонда “Ўзбек тилининг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида майдонга чиқишида қадимий туркий тил катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлаш табиийдир” деган банди диққатга сазовор. Бу бандэнг қадимги даврлардан ўзбек тилининг узлуксиз давом этиб келгани тўғрисида муҳим далил ўлароқ, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатни ўзида мужассамлантирган.
Давлат тили тўғрисидаги қонунда алоҳида таъкидланмаган бўлса ҳам, барибир қонун моддалари ўзбек тилининг илдизлари, уни илмий асосда ўрганиш зарурлигини тақозо қилади.
Дарвоқе, ҳар қандай мамлакатда ҳам у ёки бу шаклда тил сиёсати олиб борилган ва бу давом этади. Ҳамма даврда ҳам она тилининг равнақига миллатнинг зиёлилари алоҳида эътибор берганлар. Ўзбек тилининг шу кунгача сайқалланиб, такомиллашиб келганига қадимги турк хоқонларининг, Қорахонийлар сулоласи ҳукмдорларининг ва ижодкорларининг, Алишер Навоийнинг, Абулғози Баҳодирхоннинг хизматларини ҳар доим ёдимизда тутсак ва улардан ибрат олсак арзийди. Алишер Навоийнинг саъй-ҳаракатлари ва таклифи билан Ҳусайн Бойқаро “Барча шоирлар туркий тилда ижод қилсинлар” деган мазмунда фармон чиқарганини Навоий айтиб ўтади. Ёки Абулғози Баҳодирхоннинг туркий тил равнақи учун жон куйдириб айтган қуйидаги гапи чинакам ватанпарвар инсонни кўз олдимизда гавдалантиради. У “Шажараи турк” асарининг ёзилиш сабабини қуйидагича изоҳлайди: “Бу тарихни яхши ва ёмон барчалари билсун теб, туркий тил бирлан айтдум. Туркийда ҳам андақ айтубманким, беш яшар ўғлон тушунур. Бир калима чиғатой туркисиндин ва форсидин ва арабийдин қўшмайман, равшан бўлсун теб”.Давлат тили мақоми тўғрисидаги қонун қабул қилингандан кейин гўё тилимизни “тозалаш” ва “бойитиш” учун кўплаб арабий ва форсий сўзларни қалаштириб қўллаш ҳеч қандай фойда бермаганини, аксинча, кенг оммани чалғитганини алоҳида таъкидлаш билан бирга, бу борада Абулғози Баҳодирхондан ўрнак олиш лозимлигини айтиб ўтишни лозим деб биламиз. Она тилининг софлиги учун курашга Абулғозининг шу гапини шиор сифатида қабул қилсак ҳам бўлади. Абулғози туркий деганда, эски ўзбек тилини назарда тутган эди.
Тил ва ёзув – маълум бир ҳудуддаги тилнинг келиб чиқиши ва халқнинг этногенезини далиллаш учун асосий қурол деб айтамиз. Азалдан ўтроқ ҳаёт кечирган Фарғона водийсидан топилган ёзув маданиятига таянилса, масала илмий ечимини топади.
Фарғона водийсининг турли ҳудудларидан топилган туркий-рун ёзуви ёдгорликлари, Тошкент вилояти, Қизилқум чўлидан топилган ёзув ёдгорлиги сингари бир қатор туркий ёзув ёдгорликлари милодий VI-VII асрга мансуб бўлиб, Жанубий Сибирь, Талас водийсидан топилган туркий ёзувлар билан замондош, ҳатто бир оз олдинроқ деб ҳам айтиш мумкин. Шу боис Ўзбекистон ҳудудидан топилган ва ҳали туркий ёзув эканига айрим олимлар шубҳа билан қараётган ёзув ёдгорликлари ўзбек тилининг тарихий илдизларини далиллашда асосий воситадир.
Биз туркий-рун ёзуви ва шу ёзувда битилган қадимги туркий тил ёдгорликлари ўзбек тилининг тарихий илдизи учун ишончли манбалардан биридир деб қарар эканмиз, туркий-рун ёзуви, туркий тамғалар ва буларнинг асосида ётган қадимги туркий тил ҳақида бошқа ёдгорликлардаги тарихий маълумотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фикримизнинг далили учун бир далилга мурожаат этайлик:
Элетмиш билга хоқон битиг тошида (759-760-йиларда яратилган) шундай маълумот бор: Bing yiliq tuman kunluk bitigimin, balgumin bunta yasi tashqa yaratdim, tolqu tashqa toqutdim “Минг йиллик, туман кунлик ёзувимни, белгимни бу ерда ясси тошга ўйишга буюрдим, оғир тошга ўрнаттирдим”.
Моюн чур битигтошида (756-757 йиллар) ана шу тарихий маълумот айнан такрорланади. Мана шу икки парча қадимги туркий тил заминида ётган ўзбек тилининг милоддан олдинги III асрдан ҳам илгарироқ шаклланганига ишончли, айни пайтда муҳим тарихий далил сифатида эътироф этилиши керак. Бу – биринчи далилдир.
Иккинчи далил – бошқа халқларнинг тарихий манбаларида қадимги туркий тил ҳақида сақланган маълумотлар, қадимги туркий тилга оид матн парчалари ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизи ҳақида асосли сўз юритиш учун хизмат қилади. Бу гуруҳга қадимги Хитой йилномаларида сақланиб қолган қадимги туркийлар аждоди хунларнинг тилига оид парчалар, айрим сўзлардир.
Ўзбек тилининг тарихий илдизларини қиёсий усул асосида таҳлил қилиш лозим. Хун тилидан бошлаб ҳозирги ўзбек тилигача лексик қатламнинг шаклан ва маъно жиҳатдан яқинлигини далиллаш учун қиёсий усул талаб қилинади.
Элетмиш Билга хоқон ва Моюн чур қадимги туркий ёдгорликларидан келтирилган юқоридаги “минг йиллик, туман кунлик” ёзувлар ҳақидаги маълумотлар хун, қадимги турк ва эски ўзбек тилларининг узлуксиз бир тизим ҳолида давом этиб келганини кўрсатади. Бу фикрларимиз ва келтирилган далиллар туркий тилларнинг генеологик таснифини ва даврлаштиришни қайтадан кўриб чиқишга ундайди.
Милоддан олдинги IV асрда хунлар ҳақида ёзиб қолдирилган хитой йилномаларини, эҳтимол, ундан олдинги йилномаларни ҳам, синчиклаб ўрганиш ўзбек хитойшуносларининг муҳим вазифаларидан экани ўз-ўзидан аён бўлади. Шунингдек, скифологияни ҳам бу соҳага жалб қилишга тўғри келади. Скифлар тилининг сўз қатлами ҳам ўзбек тилининг тарихий илдизларига таянч манбалардан бири сифатида танланса, ўринли бўларди.
Президентимизнинг қароридан келиб чиққан ҳолда, она тилимиз “буюк қадрият” экани тилшунослар олдида турган вазифаларни белгилаб олишга ундайди.
Навбатдаги вазифаларимиз ўзбек тилининг тарихан кенг миқёсда равнақ топганини далиллашга қаратилган бўлиши керак. Биз бу вазифаларни амалга ошириш учун бир неча таклифларни ўртага ташламоқчимиз.
Биринчидан, олий таълим тизимида ўзбек тилшунослигини ўқитишни қайта кўриб чиқиш керак. Бугунги авлодда она тилига муҳаббатни уйғотиш омилларини такомиллаштириш лозим. Шунчаки, грамматик қоидаларни ўргатиш билан авлодларда она тилига муҳаббатни уйғотиб бўлмайди. Айниқса Олий таълим тизимидаги ўзбек филологияси факультетлари дастурларини тамомила қайта кўриб чиқиш лозим. Мавжуд дастурлар ва ўқитилаётган фанлар талабада она тилимизга муҳаббат уйғотишига бир оз шубҳаланади, одам. Европа тилшунослигида ХIХ асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган, аллақачон эскириб бўлган фанларни янгилик сифатида ўзбек тилшунослигига олиб кириш ўзини оқламайди. Психолингвистика ва бошқа қатор фанларни назарда тутяпмиз. Аслида ХIХ асрдаги Европа тилшунослигидаги қарашлар, назарий тушунчалар ўтмишдаги туркий халқлар тилшунослигида бор. Ҳатто бадиий асарлар таркибидан, масалан, Навоий “Хамса”сидан тилшуносликнинг назарий тушунчалари сифатида ажратиб ўрганиш лозим Ёки ХIII аср иккинчи ярми – ХIV асрда Ўрта Осиё, Волга бўйларида ташкил топган Олтин Ўрда давлатида, Миср мамлуклар давлатида яратилган ва эски ўзбек тилида ёзилган “Наҳжул- фародис”, “Жумжума султон” достонларининг айнан эски ўзбек тилида ёзилгани ҳам она тилимизнинг географик ҳудуди кенглигидан далолат беради. Ёки Мамлуклар давлатида яратилган бадиий асарлар (Масалан, “Сайфи Саройининг “Гулистони бит-туркий”си, ўша давлатда ўзбек тилида ижод қилган бир қатор шоирларнинг шеърлари) билан бир қаторда қатор изоҳли луғатлар, жумладан,туркча-арабча луғатлар (муаллифи номаълум “Таржумони туркий ва ажамий ва мўғулий ва форсий” луғати, Абу Хайённинг “Китоб ал-идрок ли-лисон ал-атрок” номли лексика ва грамматикага оид асари,“Ат-туҳфат аз-закийа фил-луғатит-туркийа”номли лексика ва грамматикага оид асар, Жамолиддин Туркийнинг “Булғот” номли қипчоқ тили луғати ва ҳ.лар) бунинг бир далилидир.
Иккинчидан тилшунослик, умуман филология бўйича бўйича ҳимоя қилинаётган диссертацияларнинг савияси тобора тушиб кетаётганини ҳам афсус билан қайд этишга мажбурмиз. Бирон монография ёки мақолалар ёзганимизда, аксарият диссертациялар тилшунослик учун кераксиз экани аён бўлиб қолади. Чунки диссертацияларнинг қолипи ва назарий тушунчалари рус тилшунослигидан олинади, мисоллар эса ўзбекча.
Учинчидан, ўзбек тили азалдан дунё миқёсида туркология фани қамровида ўрганилиб келади. Шу боис Ўзбекистон Миллий университетида Туркология марказини ташкил қилиш ўринли деб ҳисоблаймиз. Нимага Қозоғистонда Халқаро туркий Академия ва бир қатор олий ўқув юртларида туркология марказлари ва илмий тадқиқот институтлари фаолият кўрсатади-ю Ўзбекистонда биронта ҳам илмий марказ йўқ. Зотан, Туркология фани нафақат тилшунослик учун, балки ўзбек халқининг этногенези борасида ҳали очилмаган қўриқларни очиш учун ҳам хизмат қилади. Бир мисол:унутилиб кетган давлатлар, халқлар тарихини археологлар эмас. тилшунослар кашф қилганлари тарихда аҳён-аҳёнда бўлса ҳам учраб туради. Масалан, Шумер давлатини ва шумер халқи ҳамда тилини археологлар эмас, тилшунослар кашф қилганлар. Хетт давлати ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин, 2500 йил илгари яшаган бу давлатни “тирилтириш”да тилшуносларнинг хизматлари катта бўлган.Тилшуносликнинг фандаги ўрни эксак экани ана шу иккита далилдан ҳам маълум бўлиб туради.
Тўртинчидан, қадимги хитой, юнон тарихий асарларини синчиклаб ўрганиш ва бу манбалардаги қадимги туркий сўзлар луғатини тузиш зарурати ўзбек тилига муҳаббат уйғотишнинг бир асосидир. Айни пайтда талабада тилга муҳаббат уйғотишнинг яна битта йўли шуки, “Бадиий асар тили” деган фан киритилиши мақсадга мувофиқдир. Ҳадеб талабага қоида ёдлатавермасдан, қадимги даврдан шу кунгача бадиий асарларда ижодкорнинг она тилидан фойдаланиш маҳоратини намойиш қилиш лозим. Мен “Олтун ёруғ” асарини (IХ асрнинг охири- Х асрнинг боши) ҳозирги ўзбек тилига табил қилишда шу заруратни сезган эдим.Қолаверса, шоир аҳли – тил ижодкори ҳамдир, Янги сўзларни ва янги маъноларни ижодкорлар яратади. Шоир Абдусаид Кўчимов бир шеърида “Бедов, асов, пўлкан тулпорлар” деган мисра бор. Ёки бошқа бир шеърида Ўзбекистонга “ўзбекдай муалло макон” дея таъриф берибди. Ўзбек халқининг тарихда азалдан юксак мавқе тутиб келгани, тарихда ҳар доим баланд мартабада бўлганини муалло сўзи орқали ифода этган. “Пўлкан тулпорлар” деган иборани кўп луғатлардан қидирдим: “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни, “Навоий асарлари луғати”ни, машҳур турколог Л. З. Будагов 1871 йили тузган қиёсий луғатни... Хуллас, бисотимда қайси луғат бўлса ҳаммасини титкилаб чиқдим – пўлкан сўзини топа олмадим. Охири “пўлкан тулпор”нинг шаклу шамойили ва мазмунини ўзимча тушундим. Шоир бедов ва асов сўзларига маънодош сўз сифатида пўлкан сўзини кашф қилганини англадим. Шоирнинг шу шеърини, қолаверса, кўп шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларини ўқиганимда бир заруратни англардим. Менда, ўзбек тилининг поэтик сўзлар луғатини тузиш керак экан, деган фикр асло тинчлик бермасди..
Ана шундай вазифаларга Президентимизнинг яқиндагина чиқарган “Давлат тили ҳақида“ги қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарори” ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Насимхон Раҳмонов
Филология фанлари доктори, профессор
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети