Тиббиёт ходимлари ўзаро беллашди
Навоий шаҳрида тиббиёт ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги учун вилоят босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган ушбу спорт тадбирида мини футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол каби спорт турлари бўйича сараланган жамоалар ўзаро куч синашди. Мусобақада жами 518 нафар иштирокчи қатнашиб, ҳар бир йўналиш бўйича қизғин ва муросасиз беллашувлар бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, унинг қуйи босқичларида 10 минг 285 нафар тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Беллашувлар якунига кўра, Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кубоги” соҳиби бўлди.


Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири