Тиббиёт хабарлари
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда тизим ташкилотларининг рақамлаштириш йўналишига масъул мутахассислари Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ва Халқаро бизнес мансабдор шахслари академияси (AIBO) томонидан ташкил этилган «Seminar on Digital Development in the Healthcare Sector for Developing Countries» халқаро семинарида иштирок этди.
Пекин ва Шэньчжэнь шаҳарларида ўтказилган семинар давомида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли технологиялар, сунъий интеллект, «ақлли» тиббий тизимлар, рақамли диагностика, лаборатория тиббиёти ва замонавий бошқарув ечимлари бўйича маърузалар ва экспертлар билан мулоқотлар ташкил этилди.
Иштирокчилар BGI, SNIBE, Comen Medical, Dymind Biotechnology компаниялари ҳамда Пекиндаги тиббий муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан танишиб, рақамли технологияларни амалиётга жорий этиш тажрибасини ўрганди.
Семинар доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, инновацион технологиялар бўйича тажриба алмашиш ва замонавий рақамли ечимларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
***

Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда илғор тажрибаларни ўзлаштириш йўналишида муҳим қадам қўйилди. Хусусан, «Pharm Service» ва АҚШ Фармакопеяси ўртасида ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланди.
Мазкур шериклик доирасида референт стандартлар ва тажриба алмашинув асосида соҳадаги илғор ютуқларни маҳаллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда фармацевтика соҳаси мутахассисларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, замонавий илмий билим ва амалиётларни кенг жорий этиш ҳамда фармацевтика соҳасидаги профессионал компетенцияларни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
***

Миллий тиббиёт маркази кардиожарроҳлари томонидан Тожикистон Республикасидан келган 18 ёшли беморда мураккаб юрак амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Беморга иккиламчи бўлмачаларaрo тўсиқ нуқсони пластикаси амалиёти кичик кесма орқали, минимал инвазив усулда амалга оширилди.
Ушбу амалиёт Миллий тиббиёт марказида замонавий кардиожарроҳлик технологиялари ва малакали мутахассислар томонидан юқори технологик амалиётларни бажариш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
***

Пойтахтимизда “IOC – 2026” VI Халқаро офтальмологик конгресси бўлиб ўтмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган анжуманда юртимиз мутахассислари билан бирга, АҚШ, Германия, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби 20 га яқин давлатдан жами 1000 нафардан зиёд соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда офтальмологиядаги сўнгги ютуқлар, янги даволаш ва диагностика усуллари, рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Конгресс доирасида махсус кўргазма ҳам ташкил этилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА