Тиббиёт хабарлари
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси Илмий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Илмий кенгаш аъзолари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этиб, фармацевтика соҳасини ривожлантириш, илмий-таълим фаoлиятини такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Жумладан, мажлисда 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар, ички баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда рейтинг кўрсаткичларини янгилаш бўйича белгиланган топшириқлар ижроси атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, марказ мутахассислари ва ходимларининг малакасини ошириш, замонавий таълим стандартлари ҳамда ўқув модулларини ягона тизимда жорий этишга хизмат қилувчи электрон платформа фаолиятини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида таълим жараёнларини рақамлаштириш, малака ошириш тизимини замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштириш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мажлис якунида кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мазкур қарорлар фармацевтика соҳасида таълим сифати ва илмий фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
***
Президентимизнинг тадбиркорлар билан жорий йилги очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида маҳаллий ҳамда хорижий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчилари иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Марказ директори Алишер Темиров бошчилигида ўтган учрашувда тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчилари ва импортёрлари фаолиятида учраётган долзарб масалаларни ҳал этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университетида Саудия Арабистони Тиббиёт мутахассисликлари комиссияси (Saudi Commission for Health Specialties – SCFHS) вакиллари билан расмий учрашув ташкил этилди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад тиббий таълим, мутахассисликларни аккредитациядан ўтказиш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш йўналишларида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Учрашувда Саудия Арабистони томонидан SCFHS Бош директорининг стратегия бўйича ўринбосари Абдалла Алхаввас ҳамда комиссия вакили, доктор Амжад Алаҳмед иштирок этди. Томонлар тиббиёт таълимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, мутахассисларни тайёрлаш сифатини ошириш, аккредитация тизимини ривожлантириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар давомида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий таълим методологияларини жорий этиш ва тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув Тошкент давлат тиббиёт университетининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда тиббий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим қадамлардан бири бўлди.
***
Шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт университетида Саудия Арабистонининг «Kdot» компанияси вакиллари ҳамда тиббий таълимда сунъий интеллект бўйича мустақил эксперт билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида тиббий таълимни рақамли трансформация қилиш, ҳамширалик ва ички касалликлар соҳасида битирувчилар ва тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш каби масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтди.
Томонлар келгусида битирувчиларни иш билан таъминлаш, тажриба алмашиш ва тиббий таълим соҳасида инновацион ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро манфаатдор эканликларини билдирди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Туркиянинг Alyors Holding (Orzax) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда фармацевтика ва биотехнология йўналишларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги мавжуд имкониятлар, инвестиция муҳити ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, доривор ўсимликлар, фармацевтик хомашё ва пробиотиклар соҳасида илмий-технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар инвестиция лойиҳасининг асосий параметрларини аниқлаштириш, зарур маълумотларни ўзаро алмашиш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги амалий босқичларини белгилашга келишиб олди.
***
Ибн Сино жамоат фонди раиси Нозимхон Маҳмудов «Samsung Biopharm» компанияси директори Ким Ил Су билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида кореялик вакилга «Абу Али ибн Сино: Замонавий тиббиёт ва Халқ табобати — Инновациялар ва Инвестициялар» мавзусидаги XIV халқаро Ибн Сино ўқишларида (2026 йил 14-16 август кунлари, Бухоро шаҳри) маъруза, маҳорат дарслари ва кўргазмаларда иштирок этиш, шунингдек, аҳоли манфаати йўлида ижтимоий-тиббий лойиҳаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилди ва муҳокама қилинди.
Маълумот учун, «Samsung Biopharm» компанияси халқ табобати йўналишида фаолият юритади, женьшень маҳсулотини ишлаб чиқади ва у орқали инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат кўрсатади.
***
Миллий тиббиёт маркази рентген-эндоваскуляр жарроҳлари томонидан 65 ёшли беморда бош миянинг базиляр артериясига балон ангиопластика ва стентлаш амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Бемор текширувлар давомида бош миянинг асосий қон томирларидан бири бўлган базиляр артерияда хавфли даражадаги торайиш аниқлангaч, шифокорлар томонидан юқори технологик эндоваскуляр муолажани амалга оширишга қарор қилинди.
Амалиёт давомида қон томиридаги торайган қисм махсус балон ёрдамида кенгайтирилиб, сўнгрa стент ўрнатилди. Натижада қон оқими тўлиқ тикланди.
Мазкур муолажа минимал инвазив усулда бажарилгани сабабли беморда очиқ жарроҳлик амалиётига эҳтиёж қолмади ва тикланиш жараёни ҳам тез кечмоқда.
Базиляр артерия бош миянинг ҳаётий муҳим марказларини қон билан таъминлайдиган асосий томирлардан бири бўлиб, ундаги торайиш инсульт ва бошқа оғир асоратлар хавфини оширади.
Мураккаб амалиёт Миллий тиббиёт маркази рентген-эндоваскуляр жарроҳлари томонидан замонавий тиббий ускуналар ва халқаро стандартлар асосида муваффақиятли амалга оширилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА