Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Мудофаа ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мудофаа вазири Ш.Халмухамедов ва Соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёров томонидан имзоланган ушбу меморандум тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Таъкидланишича, мазкур ҳужжат тиббиёт кадрларини тайёрлаш, малакасини ошириш, долзарб масалалар бўйича биргаликда илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар ўтказиш каби қатор йўналишларда ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқади.
Меморандумга мувофиқ, шошилинч ва фавқулодда ҳолатларда беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни эвакуация қилиш ҳамда даволаш-диагностика ишлари ҳамкорликда ташкил этилади. Зарур ҳолатларда тор доирадаги мутахассисларни ажратилади.
Шунингдек, ҳужжатда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва госпиталлар базасида томонларнинг соғлиқни сақлаш ходимлари, курсантлари, талабалари, тингловчилари, клиник ординаторларининг амалиёт ҳамда стажировка ўташини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириб бориш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш белгиланган.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Дори воситаларини тартибга солувчи органларнинг халқаро коалицияси – ICMRA (International Coalition of Medicines Regulatory Authorities)га аъзоликка қабул қилинди.
ICMRA – фармацевтик маҳсулотларнинг хавфсизлиги, самарадорлиги ва сифатига оид глобал ёндашувларни мувофиқлаштириш, тартибга солиш соҳасидаги салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган нуфузли халқаро платформа ҳисобланади. Мазкур платформа дунё миқёсидаги 40 дан ортиқ етакчи фармацевтик тартибга солувчи органларни бирлаштирувчи халқаро коалиция бўлиб, унинг асосий вазифаси глобал даражада доривор воситаларнинг хавфсизлиги, самарадорлиги ва сифатини таъминлаш бўйича тартибга солиш сиёсатини уйғунлаштириш, пандемиялар, таъминот занжирларидаги узилишлар, тезкор регуляторлик чоралари ва бошқа стратегик масалалар юзасидан мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқишдир. ICMRA аъзолари қаторида АҚШ (FDA), Европа Иттифоқи (EMA), Япония (PMDA), Канада (Health Canada), Австралия (TGA), Буюк Британия (MHRA), Жанубий Корея (MFDS), Хитой (NMPA), Бразилия (ANVISA), шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) каби нуфузли халқаро органлар мавжуд.
Ушбу аъзолик юртимиз фармацевтика соҳаси учун муҳим аҳамият касб этиб, Ўзбекистоннинг халқаро тартибга солувчи органлар ҳамжамиятига янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди. Шунингдек, Марказ мутахассисларига илғор тартибга солиш тажрибаларни ўрганиш, миллий меъёрий-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга уйғунлаштириш имконини яратади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов видеоконференц алоқа орқали Иорданиянинг “MS Pharma” компанияси вакиллари билан учрашди.
“MS Pharma” – фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи етакчи компаниялардан бири бўлиб, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларида ишлаб чиқариш ва тақсимот тармоғига эга.
Учрашув давомида компания вакиллари Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга бўлган қизиқишларини билдирди. Агентлик директори уларга мамлакатимиз фармацевтика бозори, тартибга солиш тизими ва инвестицион имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. Шунингдек, “MS Pharma” компанияси вакилларини Ўзбекистонга келиб, мамлакатнинг фармацевтика саноати билан бевосита танишишга таклиф қилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро маълумот алмашиш ва келгусида ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Франция – Ўзбекистон иқтисодий палатаси президенти Жоанна Голас ва ижрочи директори Абдуазиз Ҳакимов билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон ва Франция ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Франция-Ўзбекистон иқтисодий палатаси вакиллари Ўзбекистон фармацевтика бозори ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ҳамда Франция фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, агентлик директори делегацияни “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси ва олиб борилаётган ишларнинг кўлами билан таништирди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон фармацевтика соҳаси ва унинг экспорт салоҳиятини француз компанияларига таништириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаш борасида келишувга эришди.
***
Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг оилавий шифокорлари бошчилигидаги амалиётчи ва патронаж ҳамширалар давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ ишларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 4-оилавий поликлиника ва Кўп тармоқли марказий поликлиникада бўлди. Давлат тиббий суғуртаси тизими асосида жорий этилган ва амалга оширилган ишлар, ҳамда аҳолини рўйхатдан ўтказиш, улар реестрини юритиш, врач, врач олд хонаси, унда ишлаётган оила шифокори ва амалиётчи ҳамшира фаолияти билан яқиндан танишди.
Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасида эса, икки вилоят тиббиёт ходимлари иштирокида ўқув-амалий семинар ташкил этилиб, унда давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА