Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Париж шаҳрида “Ўзбекистон – Франция” биринчи тиббиёт форуми бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли тадбирда икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари, йирик тиббиёт марказлари, клиникалари, шифохоналари ва олий ўқув юртлари раҳбарлари шунингдек, Франциянинг “French Healthcare” ташкилоти ҳамда тиббиёт ва фармацевтикага ихтисослашган етакчи компаниялари масъуллари қатнашди.
Ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқларига бағишланган мазкур тадбир Европа ва Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия директори Людовик Пуйе, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ҳамда “French Healthcare” ассоциацияси Президенти Жан-Пьер Боффининг кириш сўзлари билан бошланди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида Франция ютуқларини ўрганиш ва оммалаштиришдан манфаатдор. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Франция тиббиёт йўналишида дунёнинг етакчи мамлакатларидан биридир. Хусусан, диагностика, терапевтик муолажалар ва ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда катта тажрибага эга. Бу эса касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва самарали даволашда илғор тиббий технологиялар ҳамда рақамли ечимларни жорий қилиш масалалари юзасидан тажриба алмашиш имконини беради.
Форум доирасида онкология, шошилинч тиббий ёрдам, мутахассислар малакасини ошириш каби йўналишларда панель муҳокамалари ва “Б2Б” музокаралари ўтказилди.
Мулоқот давомида икки мамлакат клиникалари ва шифохоналари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
***

Шунингдек, ушбу нуфузли форум доирасида, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва “Bertin Technologies” ҳамда “DMS Imaging” компаниялари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувлар икки томон учун ҳам потенциал ҳамкорликларни ўрганиш имкониятини тақдим этди.
“Bertin Technologies” тиббий ускуналар ишлаб чиқаришда илғор технологияларни қўллаш билан танилган, хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида юқори сифатли ечимлар яратишда етакчи ҳисобланади. “DMS Imaging” эса тиббий тасвирлаш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва ўзининг замонавий ускуналари билан дунё бўйлаб тиббий муассасаларга хизмат кўрсатади.
Ҳар икки компания ўз фаолиятлари ва ишлаб чиқараётган тиббий ускуналари ҳақида тўлиқ маълумот берди. Агентлик директори ўз навбатида, уларнинг ускуналарини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва инвестиция киритишдаги имтиёзлар ҳақида сўзлаб, минтақанинг маҳсулотлар бозори учун катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.
Агентлик матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, учрашув якунида барча томонлар маълумот алмашиш ва келажакдаги лойиҳалар устида ҳамкорликни ўрганишга розилик билдирди.
***

Миллий тиббиёт марказида галдаги жигар трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Профессор Аъзам Бобожонов бошчилигидаги жарроҳлик жамоаси 3 йилдан бери жигар циррози билан оғриган беморга 21 ёшли қизининг жигар бўлагини кўчириб ўтказди.
Марказ матбуот хизмати хабарида айтилишича, донор ва беморнинг аҳволи яхши, шифокорлар уларнинг соғлигини доимий назорат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу ютуқ фақат тиббий муваффақият эмас, балки инсоний фидойилик ва оилавий меҳр-муҳаббатнинг ёрқин намунасидир.
***

Япония фармацевтика ва тиббий буюмлар агентлиги (PMDA) мезбонлигида ўтаётган Халқаро тиббий буюмларни тартибга солувчи органлар 27-форумида IMDRFнинг бошқарув қўмитаси аъзолари – Америка қўшма штатлари, Австралия, Россия, Бразилия, Канада, Хитой, Европа Иттифоқи, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Буюк Британия, шунингдек, ташкилотга аъзо 50 га яқин ҳамкор давлатларнинг регулятор органлари вакиллари иштирок этмоқда. Улар қаторида Ўзбекистон Миллий регулятор органи – Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров бошчилигида Марказ делегацияси ҳам бор.
Вакилларимизнинг ушбу иштироки мамлакатимиз миллий фармацевтика тизимини модернизация қилиш, тиббий буюм ва тиббий техникалар хавфсизлигини таъминлаш шунингдек, Ўзбекистоннинг регулятор тизимининг глобал стандартларга интеграциялашувини жадаллаштириш ва халқаро ҳамжамиятда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА