Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Нозим Бердиев бошчилигидаги делегация Молдовага ташриф доирасида Молдова Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги раҳбари Драгош Гуцу билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Молдова Дори воситалари ва тиббий буюмлар агентлиги (Agentia Medicamentului si Dispozitivelor Medicale) 2007 йилда ташкил топган бўлиб, мамлакатда дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ва тартибга солиш, шунингдек, хавфсизлик ва сифат назоратини амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.
Якунда икки мамлакат фармацевтика соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий тизимларга жорий этиш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ушбу келишув икки давлат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, илмий ва техник тараққиётни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
***
Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича Ўзбекистон ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази раҳбарияти, Миср томонидан Соғлиқни сақлаш вазирининг маслаҳатчиси, Араб дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш компанияси бошқаруви раиси ҳамда Миср дори воситалари бошқармаси вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда томонлар фармацевтика маҳсулотларини тартибга солиш, дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналарнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳамкорликда тадқиқот олиб бориш ва фармацевтика саноатида инновацияларни жорий этиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Шунингдек, Миср Араб Республикасининг фармацевтика саноатидаги илғор тажрибаси билан танишиш, икки давлат ўртасида илмий-тадқиқот ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш ҳамда фармацевтика маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма дастурларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
***
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидаги санитария ва фитосанитария шартлари тўғрисида Жаҳон савдо ташкилоти аъзо давлатларни хабардор қилиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига қўшимча вазифалар юкланди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш учун қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қоидалар, низомлар тўғрисида Жаҳон савдо ташкилоти аъзо давлатларни мунтазам хабардор қилишни таъминлаш; санитария ва фитосанитария чора-тадбирлари тўғрисидаги лойиҳаларни эътироз ва таклифлар олиш учун ЖСТ аъзо давлатларига юбориш; ЖСТ аъзо давлатларининг эътироз ёки таклифлари ва қаршиликлари асосида чора-тадбирлар лойиҳаларини қайта ишлаш учун ташаббускор ваколатли давлат органларига киритиш; ЖСТ аъзо давлатлар ва манфаатдор томонларнинг асосланган сўровларига жавоблар юбориш.
***
Миллий тиббиёт маркази кардиохирурглари Нижний Новгород шаҳридаги Юрак-қон томир жарроҳлиги маркази мутахассислари билан биргаликда миниинвазив аорта-коронар шунтлаш амалиётини муваффақиятли амалга оширди.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, ушбу усулнинг асосий афзалликлари шундаки, жарроҳлик кўкрак қафасини тўлиқ очмасдан, кичик кесмалар орқали амалга оширилади. Беморларда операциядан кейинги тикланиш муддати анъанавий усулларга қараганда қисқароқ. Амалиёт бемор организмига камроқ таъсир кўрсатади, бу эса инфекция ва бошқа асоратлар хавфини камайтиради. Катта кесма изларининг йўқлиги беморлар учун қулайлик яратади.
Бу ёндашув замонавий тиббиёт технологияларининг миллий амалиётда муваффақиятли қўлланилаётганининг ёрқин намунаси бўлиб, юрак-қон томир касалликларини даволашда янги имкониятлар яратади.
***
Бухоро вилоятининг Пешку ва Қоракўл туманларида бир ой давомида фаолият олиб борган МДҲда ягона бўлган мобил ангиограф аппарати ўз ишини муваффақиятли ниҳоясига етказди.
Сўнгги 15 кун давомида Қоракўл туманида 500 нафардан ортиқ бемор коронаграфик текширувдан ўтказилди. 64 нафар бемор аорто-коронар шунтлаш амалиётига тавсия этилди. 47 нафар бемор Республика юрак-қон томир касалликлари марказига даволаш учун йўналтирилди. 70 нафар бемор стент қўйиш ва очиқ жарроҳлик амалиётлари учун Тошкент ва Самарқанд вилоятларига электрон йўлланмалар орқали юборилди.
Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти Миллий тиббиёт маркази мутахассисларига самарали фаолияти учун миннатдорлик билдириб, келгусида доимий ҳамкорлик қилишини таъкидлади. Тиббий хизмат кўрсатган шифокорларнинг машаққати эътироф этилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА