Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
Женевада ЖССТнинг Фармацевтика препаратлари спецификацияси бўйича Экспертлар Қўмитасининг 58-сессияси ўз ишини бошлади. Халқаро тадбирда дунё миқёсида фармацевтика маҳсулотларининг сифатини яхшилаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича 60 дан ортиқ масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Сессияда 200 дан ортиқ экспертлар қаторида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўлими раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси бош муҳаррири, ф.ф.д профессор Ҳабибулла Жалилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Вакилларимиз халқаро мутахассислар билан биргаликда фармацевтика стандартлари, маҳсулотларнинг сифатини текшириш ва уларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш юзасидан муҳокамаларда фаол қатнашмоқда.
58-сессия доирасида дори воситалари ва фармацевтика маҳсулотларининг турли жиҳатларини янада такомиллаштириш, замонавий таҳлил усуллари, хавфсизлик стандартлари ва уларни халқаро тартибларга мувофиқлаштириш борасида муҳокамалар ўтказилади. Бундан ташқари, дори воситалари сифатига бағишланган илмий-амалий сессиялар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Халқаро миқёсда эришилган келишувлар ва ишлаб чиқилган тавсиялар келгусида ҳар бир мамлакатнинг фармацевтика соҳасидаги сиёсатини шакллантиришга катта таъсир кўрсатади.
***
Сентябрь ойи давомида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан келиб тушган 125 та мурожаат асосида ноқонуний муомалада аниқланган дори воситалари ва тиббий буюмлар экспертизадан ўтказилди.
Лаборатория таҳлиллари натижасига кўра 1384 турдаги 11339 ўрам жумладан, 545 турдаги 3950 ўрам давлат рўйхатидан ўтган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган, 705 турдаги 5695 ўрам давлат рўйхатидан ўтмаган ва мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган, 122 турдаги 420 ўрам яроқлилик муддати тугаган, сифатсиз, 7 турдаги 20 ўрам ёрлиқлаш кўрсаткичи бўйича (контрафакт), 5 турдаги 1254 ўрам қалбакилаштирилган фармацевтика маҳсулотларига тиббиёт амалиётида қўллаш мумкинмаслиги бўйича хулоса берилди.
Бу билан сифати кафолатланмаган мазкур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида 2024 йилнинг 9 ойи давомида Референт нархларни шакллантириш бўлими томонидан 14736 та ном ва дозировкадаги дори воситаларининг референт нархлари қайд этилди. Бу ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан 1,42 баравар кўп.
Қайд этилган чекланган нархлар ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида беш йил давомида сақланади.
***
Дори воситалари сифатини назорат қилиш дастурини амалга ошириш доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси ўз моддий техник базасини турли хил детекторлар билан жиҳозланган LC-40D XR моделли бешта суюқ хроматограф билан бойитди.
LC-40D XR суюқ хроматографлари мураккаб кимёвий бирикмаларни таҳлил қилиш учун юқори самарали қурилмалар бўлиб, дори воситаларининг сифатини назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ускуналар орқали тадқиқотлар аниқлиги ва тезлигини ошириш мумкин.
М.Қосимова, ЎзА