Тиббиёт ва фармацевтикада янги босқич
Бугунги кунда дунёда халқ табобати ва замонавий тиббиёт уйғунлигига бўлган эътибор тобора ортиб бормоқда. Шу жиҳатдан, доривор ўсимликларни илмий асосда етиштириш ва улардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай ноёб ва қимматбаҳо ўсимликлардан бўлган женьшень ўсимлиги Бухоро вилоятида ҳам етиштирила бошланди.
Женьшень ўсимлиги жуда камёб ва ноёб доривор ўсимлик саналади. У асосан Шарқий Осиё мамлакатларида “ҳаёт илдизи” сифатида эъзозланади. Женьшень инсон иммунитетини мустаҳкамлайди, асаб тизимини тинчлантиради, қувватни оширади ва турли касалликларга қарши курашишда самарали восита ҳисобланади. Айниқса, қизил женьшень ўзининг юқори шифобахш хусусиятлари билан ажралиб туради.
Бухоро давлат тиббиёт университети мутахассислари томонидан женьшень етиштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа юртимиз тиббиётида янги қадам бўлди. Университет ҳузурида ажратилган 1 гектар майдонда 20 дан ортиқ доривор ўсимликлар қатори женьшень ҳам замонавий технологиялар асосида кўпайтирилмоқда.
– Жанубий Кореянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда ташкил этилган “ақлли иссиқхона” ва ҳужайра биотехнологияси лабораториясида женьшень парваришланмоқда, – дейди Бухоро Давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев. – Бир иссиқхонада йилига 15 мингтагача женьшень ўсимлигини етиштириш мумкин. Мавжуд 10 та иссиқхона орқали эса йиллик ҳосил 150 минг донага етади. Бу эса нафақат илмий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга.
Лойиҳа доирасида женьшень асосида йигирмадан ортиқ доривор маҳсулотлар ишлаб чиқилиб, уларни қадоқлаш ва амалиётга жорий этиш бўйича патентлар олинди. Бу маҳсулотлар халқ табобатида ҳам, расмий тиббиётда ҳам қўлланилиши мумкин. Шунингдек, ҳудудда шўртупроқ шароитига мослаштирилган янги доривор ўсимлик навларини кўпайтириш орқали тиббиёт ва халқ табобати интеграциясига асосланган кластер тизими шаклланмоқда.
[gallery-29197]
Юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Женьшень каби ноёб ўсимликларни маҳаллий шароитда етиштириш, юртимиз тиббиётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Бухорода женьшень етиштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар нафақат илмий ютуқ, балки мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва фармацевтика саноати ривожи учун муҳим қадамдир. Бу лойиҳа орқали ноёб доривор ўсимликларни маҳаллийлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорликка эришиш имкони яратилмоқда.
Шубҳасиз, келгусида бу каби ташаббуслар кўлами янада кенгайиб, Ўзбекистонни доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш бўйича етакчи давлатлардан бирига айлантиради.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.